Ўзбекистонда қиш келиши билан газ масаласи яна кун тартибига чиқади. Босим пасайиши, айрим ҳудудларда газ таъминотидаги узилишлар ва импорт ҳажмининг ошиши муҳокама қилинади.
Жаҳон банки Ўзбекистондаги газ сизиб чиқишларини камайтириш учун 10,6 млн доллар грант ажратади. Маблағнинг асосий қисми «Ўзтрансгаз» тизимидаги носозликларни таъмирлашга сарфланади.
Жаҳон банки кўмагида ўтказилган ўрганишларда мамлакат бўйлаб «Ўзтрансгаз» объектларининг 1000 дан ортиқ нуқтасида газ сизиб чиқиши аниқланган.
Ҳисоб-китобларга кўра, ушбу носозликлар туфайли 35 млн куб метргача газ йўқотилмоқда.
Жаҳон банки қайд этишича, Ўзбекистоннинг газ узатиш инфратузилмаси техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлашга етарлича сармоя киритилмагани сабаб вақт ўтиши билан эскирган. Бу эса газ сизиб чиқиши ва молиявий йўқотишларга олиб келмоқда.
Агар зарур ишлар амалга оширилмаса, 2030 йилга бориб умумий йўқотишлар 1,75 млрд куб метр газга етиши мумкин. Бу 228 млн долларлик йўқотилган даромадга тенг.
$10,6 млн нимага сарфланади?
Лойиҳа 2026–2028 йилларга мўлжалланган.
Грантнинг қарийб 9,6 млн доллари бевосита газ инфратузилмасини таъмирлаш ва мавжуд газ йўқотишларини камайтиришга йўналтирилади.
Яна 500 минг доллар газ сизиб чиқиши ва чиқиндиларни камайтириш мониторинги ҳамда ҳисобот тизимини кучайтиришга, 500 минг доллар эса лойиҳани амалга ошириш гуруҳини ташкил этиш ва хорижий экспертларни жалб қилишга сарфланади.
Муҳими, сизиб чиқишлар бартараф этилгандан кейин тежалган газ истеъмолчилар ва тадбиркорларга етказиб берилиши кўзда тутилган.
2029 йилга келиб таъмирлаш ишлари натижасида йилига қарийб 47,5 минг тонна газ сизиб чиқишининг олдини олиш режалаштирилган. Бу орқали қарийб 18 млн доллар тежалиши кутилмоқда.
Жаҳон банкининг 10,6 млн долларлик гранти қишдаги газ муаммоси тўлиқ ҳал бўлади, дегани эмас. Аммо лойиҳа бир муҳим саволни ўртага қўймоқда: газ етишмаётган бир пайтда мавжуд газнинг қанча қисмини қувурларнинг ўзида йўқотяпмиз?
Бир томондан янги газ манбалари, импорт ва ишлаб чиқариш ҳақида гапирилмоқда. Иккинчи томондан эса фақат «Ўзтрансгаз» объектларининг ўзида 1000 дан ортиқ сизиб чиқиш нуқтаси аниқланиб, 35 млн куб метргача газ йўқотилаётгани маълум бўлди.
Бунинг устига, 2026 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонда табиий газ йўқотишлари 7,6 фоизга етгани айтилган.




