“Бундай формат ҳали ҳеч ким билан бўлмаган” – Путин Мирзиёев билан учрашувига шундай таъриф берди.
Владимир Путин 5 июнь куни кечқурун уч ярим соатдан ортиқ вақт давомида халқаро ахборот агентликлари раҳбарлари билан суҳбатлашди. Россия Президенти уларга Санкт-Петербургда, бўлиб ўтаётган Петербург Халқаро Иқтисодий Форумида мурожаат қилган. Учрашув “Газпром” идорасидаги офисда бўлиб ўтди.
Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги (ЎзА) бош директори Абдусаид Кўчимов ҳам унда қатнашган.
Абдусаид Кўчимов Афғонистон ва Россия ўртасидаги муносабатларга оид савол берган. Россия Федерацияси учун Афғонистон билан мулоқотни давом эттириш қанчалик муҳим? Бугунги кунда афғон йўналиши Россия сиёсатида қандай ўрин тутади? Бу мамлакат атрофидаги жараёнларга муносабатингиз қандай?, деб сўраган у.
Владимир Путин бунга жавоб берар экан. Ўзбекистонга ташрифи ҳақида ҳам тўхталиб ўтган.
Аввало, шуни тасдиқламоқчиманки, Ўзбекистонга ташрифим жуда жиддий, самарали ва натижадор бўлди. Бундай формат ҳали ҳеч ким билан бўлмаган, айнан Президент Мирзиёев томонидан ташаббус сифатида таклиф этилган эди. Биз Президент таклифига биноан катта ҳукумат делегацияси билан Ўзбекистонга келдик, ва бир вақтда ҳудуд раҳбарлари йиғилишини ўтказдик. Натижада, Россия ҳукуматининг ярми Тошкентга келди ва Россия Федерацияси ҳудудларининг кўплаб раҳбарлари ҳам иштирок этди. Қизиғи, баъзи ҳудудлар раҳбарлари ҳатто Тошкентда янгиланган Россия ҳукуматининг раҳбарияти билан мулоқот қилишдан завқланиб, ўзаро жуда фаол иш олиб бордилар. Бу жуда фойдали бўлди, ҳатто мен учун ҳам кутилмаган натижа бўлди. Бу биринчиси.
Иккинчидан, биз Украина муаммосини ҳам муҳокама қилдик, ва Президент Мирзиёев, албатта, Украина инқирозини тинч йўл билан ҳал қилиш тарафдори эканлигини бир неча бор изҳор этди. Биз Ўзбекистон Президентига ўзбекларнинг Украинадаги воқеалардан хавотирланаётганлиги ҳақида бир неча бор гапирганликлари учун миннатдорчилик билдирамиз. Аммо биз Ўзбекистон сиёсатининг холис ва жуда мувозанатли эканини қадрлаймиз.
Афғонистон масаласига келсак, биз бу ҳақда ҳам жуда кўп гаплашдик. Ўзбекистон дуч келаётган муаммо – бу дунё океанига, денгизларга чиқиш муаммоси, буни яхши тушунамиз. Бу ерда турли йўналишлар мавжуд, жумладан Афғонистон ҳудуди орқали логистика ривожланиши, нефть-газ қувурлари, темир йўл транспорти, автомобиль йўллари тармоғи, энергетика, электр энергияси етказиб бериш ва бошқалар.
Албатта, Ўзбекистон учун ҳам, биз учун ҳам Афғонистондаги барқарорлик жуда муҳим. Биз доимо шуни айтиб келамизки, амалий реалликлардан келиб чиқиш керак: Толибон Афғонистонда ҳокимиятни назорат қилмоқда. Албатта, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти даражасида эришилган барча келишувлар бажарилишига эришиш керак. Жумладан, Афғонистондаги барча этник гуруҳлар иштирок этадиган инклюзив ҳукуматга эга бўлиш керак. Бу нозик ва жуда муҳим масала. Аммо Толибон ҳукумати билан муносабатларни йўлга қўйиш зарур.
Умуман олганда, бизда алоқалар мавжуд, биламан, Афғонистон ҳам буни ривожлантиришга интиляпти. Биз бу борада биргаликда ишлаймиз, ушбу имкониятларни ўрганамиз,
деган Путин.