РАСМИЙ АХБОРОТ
«Royal» бренди остидаги анор шарбати сифат талабларига жавоб бермаслиги аниқланди
Ўзбекистонга Афғонистондан келадиган мазкур анор экстрактли газли ичимлик воситасини инсон саломатлиги учун хавфли деб топилди.
Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигининг Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида назорат инспекцияси томонидан Ўзбекистон бозорлари ва савдо расталарида сотилаётган «Royal» савдо белгиси остидаги анор шарбати маҳсулоти техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги меъёрий ҳужжатлар талабига қай даражада мос келиши ўрганилди.
Ўрганиш натижаларига кўра, «Royal» савдо белгиси остидаги анор шарбати маҳсулоти тамғаланиши (маркировка) бўйича УзТР.490-022:2017 «Озиқ-овқат маҳсулотларини тамғалаш юзасидан унинг хавфсизлиги тўғрисидаги умумий техник регламент»ининг 8, 36, 53 ва 58-бандлари талабларига номувофиқлиги аниқланди.
Аккредитланган синов лабораториясининг хулосасига кўра, «Royal» савдо белгиси остидаги анор шарбати маҳсулоти таркибида «Azorubin, E 122» моддаси белгиланган меъёрдан ортиқ экани маълум бўлди.
Бундан олдин Санэпидқўмита ахборот хизмати Афғонистондан ишлаб чиқарилган мазкур анор шарбати маҳсулотлари Ўзбекистонга ҳам олиб кирилгани ҳар бир партиялар тегишли лаборатория текширувларидан ўтказилиб келтирилган маҳсулот партиясига санитария-эпидемиологик хулосалар берилгани ва келтирилган маҳсулотлар таркибида заҳарли ёки инсон саломатлигига зарар келтирувчи моддалар аниқланмагани ҳақида хулоса берган эди.
Ўзбекистондан олдин Қирғизистон ва Қозоғистон Республикалари мазкур маҳсулотнинг инсон саломатлигига ўта жиддий зарарлигини аниқлаб, фуқароларини огоҳлантирган эди.