- Истеъмолчилар федерацияси Энергетика вазирлигидан 200кВт базавий меъёрни 400 кВтга оширишни сўрамоқда
Истеъмолчиларни ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси 200 кВт электр истеъмоли лимитини 400кВтга оширишни сўраб энергетика вазирлигига мурожаат қилган. Мурожаат хати 5 июль санасида юборилганига қарамай Энергетика вазири Жўрабек Мирзамахмудов томонидан хатга жавоб қайтарилмаган. Мурожаат хатига федерация раиси Ж. Саримсоқов томонидан имзо чекилган.
Федерация хатида электр истеъмолини турли давлатлардаги меъёрлари билан қиёслаб таҳлил қилган. Ўзбекистонга қўшни бўлган давлатларда 1 кишининг электр истеъмоли Қозоғистонда йиллик 4 932 кВт/соатни, Туркманистонда 2 524 кВт/соатни, Қирғизистон Республикасида 1 840 кВт/соатни, Тожикистонда 1 753 кВт/соатни ташкил этган. Ўзбекистонда эса Марказий Осиёдаги энг паст кўрсаткич – бир кишига йиллик 1 599 кВт/соат (74-ўрин) қайд қилинган. Бир кишининг йиллик истеъмолини федерация беш кишилик оила сонига кўпайтирган.
«Бугунги кунда бир нафар шахс учун зарурий электр энергияси истеъмоли ойига 75 кВт дан 110 кВтгачани ташкил қилаётгани ҳеч кимга сир эмас ва бу ҳақидаги маълумотлар турли манбаларда ҳам кўплаб келтирилган. Юқоридаги кўрсаткичларнинг энг паст кўрсаткичи (яъни бир кишига
75 кВт)дан келиб чиқиб, Мамлакатимиз аҳолиси учун ҳисоб-китобларга ана шу истеъмол кўрсаткичини юқоридаги нормадан энг қуйиси, яъни бир кишига 75 кВт сарфланади, ҳар бир уй хўжалигида ўртача 4 нафардан одам истиқомат қилади деб олинса, қиш мавсуми, шунингдек, ёз мавсумидаги аномал иссиқ ҳолатларини ҳисобга олмаган ҳолда, бир кишига бир ойлик ўртача 475 кВт/соатни ташкил қилади», дейилади хатда.
Шунингдек, федерация электр истеъмоли ижтимоий меъёрига “иситиш мавсуми”ни алоҳида киритишни сўраган. Хатда истеъмолчиларнинг III гуруҳи истеъмолчиларига “бир ойлик базавий меъёр” кўрсаткичини камида 500 кВт/соат этиб белгилаш таклифи берилган.
Федерациянинг мазкур таклифига Энергетика вазирлигининг жавоби ҳақида маълумотлар йўқ.