Анқарадаги учрашувлар моҳияти ва имзоланган келишувлар ҳақида
Учрашувларда ҳарбий техника хариди масаласи кўтарилдими?
2026 йил 19–20 январь кунлари Ўзбекистон Республикасининг ҳарбий ва хавфсизлик соҳаси раҳбарияти Туркия Республикасига расмий ташриф билан борди. Ушбу учрашувлар нимаси билан аҳамиятли? Туркия ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳарбий яқинлашувни экспертлар қандай баҳоламоқда? Мазкур ташриф тафсилотларини кўриб чиқамиз.
“4+4” форматида илк хавфсизлик учрашуви
20 январь куни Анқара шаҳрида Ўзбекистон ва Туркия ўртасида илк бор “4+4” хавфсизлик механизми доирасида юқори даражадаги учрашув бўлиб ўтди. Унда ҳар икки давлатнинг:
- ташқи ишлар,
- ички ишлар,
- мудофаа,
- махсус хизматлар
раҳбарияти иштирок этди.
Туркия томонидан учрашувда:
- ташқи ишлар вазири Ҳакан Фидан,
- ички ишлар вазири Али Ерликая,
- миллий мудофаа вазири Яшар Гюлер,
- Миллий разведка ташкилоти раҳбари Иброҳим Калин қатнашди.
Учрашувда қуйидаги масалалар муҳокама қилинди:
- минтақавий ва халқаро хавфсизлик,
- терроризм ва трансчегаравий таҳдидлар,
- разведка маълумотлари алмашинуви,
- ички хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик.
Расман “4+4 формати” деб номланган мазкур механизм минтақавий ва глобал хавфсизлик муаммоларининг тобора мураккаблашаётганини акс эттиради. Форматнинг ўзиёқ муҳим ўзгаришдан далолат беради: эндиликда тўртта ҳал қилувчи соҳа ягона стратегик платформа доирасида мувофиқлаштирилмоқда. Бу қарор қабул қилиш жараёнларини тезлаштириш ва инқирозли вазиятларда ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

ТИВлар даражасида 2026–2027 йилларга мўлжалланган ҳужжат
Анқарада шунингдек Ўзбекистон–Туркия Қўшма стратегик режалаштириш гуруҳининг тўртинчи йиғилиши ҳам бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов ва Туркия ташқи ишлар вазири Ҳакан Фидан 2026–2027 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастурини имзолади.
Ушбу ҳужжат қуйидаги йўналишларда ҳамкорликни режали асосда давом эттиришни назарда тутади:
- сиёсий мулоқот,
- хавфсизлик,
- мудофаа,
- иқтисодий ва гуманитар алоқалар.
Ҳарбий соҳада алоҳида келишувлар
19 январь куни Туркия Миллий мудофаа вазирлигида Ўзбекистон мудофаа вазири, генерал-полковник Шуҳрат Халмуҳамедов расмий тарзда қабул қилинди.
Учрашув якунларига кўра, томонлар:
- “2026 йил учун ҳарбий ҳамкорликни амалга ошириш режаси”,
- ҳарбий тиббиёт соҳасида таълим ва ҳамкорлик тўғрисидаги келишувни имзолади.

Ушбу ҳужжатлар қўшма ҳарбий машғулотлар ўтказиш, офицерлар тайёрлаш, тажриба алмашинуви ҳамда ҳарбий тиббий хизматни ривожлантиришни қамраб олади.
Сиёсий ва геосиёсий контекст
Анқара сафари Ўзбекистоннинг кўп векторли ташқи ва ҳарбий сиёсатини яна бир бор намоён қилди. Туркия — НАТО аъзоси бўлган, бироқ мустақил ташқи сиёсат юритувчи давлат сифатида Ўзбекистон учун муҳим ва мувозанатли ҳамкор ҳисобланади.
TRT World нашри Анқарада “4+4” форматида ўтган учрашувларни Марказий Осиё ва ундан кенгроқ ҳудудларда анъанавий дипломатиядан интеграциялашган хавфсизлик ва стратегик мувофиқлаштиришга ўтиш сифатида баҳолади.
Анқарадаги Яқин Шарқ техник университети профессори Октай Танрисевернинг таъкидлашича, мазкур учрашув механизми икки давлат муносабатларининг стратегик ўлчамини чуқурлаштириш учун ишлаб чиқилган.
“Туркия Ўзбекистон билан ривожлантирган 4+4 форматдаги учрашувлар икки томонлама муносабатларнинг стратегик даражасини оширади”, — дейди у TRT Worldга берган изоҳида.
Танрисеверга кўра, ҳамкорликни аниқ лойиҳаларга айлантириш фақат икки давлат билан чекланиб қолмайди.
“Бу ёндашув нафақат икки мамлакатга Ўрта йўлакни жонлантириш имконини беради, балки Озарбайжон билан мувофиқлаштирилган ҳолда Кавказ ва Марказий Осиёдаги барча ҳамкорлар билан Туркиянинг хавфсизлик ва стратегик ҳамкорлигини минтақавий даражага олиб чиқади”, — дейди у.
Умумий таҳдидларни идрок этиш
Истанбулдаги Мармара университети доценти Башак Кузакчи ушбу интеграциялашган ёндашувни учрашувларнинг асосий хусусияти деб ҳисоблайди.
“Анқарадаги Туркия–Ўзбекистон учрашуви икки томонлама муносабатларда янги босқич бошланганини англатади”, — дейди у TRT Worldга.
Кузакчига кўра, терроризм, трансмиллий жиноятчилик, ноқонуний миграция, радикаллашув ва киберхавфсизлик каби таҳдидларни алоҳида-алоҳида баҳолаш энди самара бермайди. Бу масалаларни ташқи сиёсат қарорлари билан биргаликда муҳокама қилиш инқирозли вазиятларда ҳаракат тезлиги ва мувофиқлашувни оширади.
Стратегик дарвоза сифатида Ўзбекистон
Экспертлар Ўзбекистонни Туркия учун Марказий Осиёга очиладиган муҳим стратегик “дарвоза” сифатида баҳоламоқда. Танрисевер Ўзбекистонни Афғонистон ва Покистон орқали Жанубий Осиёга чиқиш имконини берадиган муҳим йўлак деб ҳам таърифлайди.
Бу нуқтаи назардан, икки давлат муносабатлари Марказий Осиё, Жанубий Осиё ва Кавказни боғловчи кенг минтақавий архитектуранинг муҳим бўғинига айланмоқда.
Қурол хариди масаласи кун тартибида бўлдими?
Анқарадаги музокаралар доирасида қурол-яроғ, жумладан “Bayraktar” дронларини сотиб олиш масаласи муҳокама қилинган бўлиши мумкин, бироқ ҳеч қандай расмий келишув ёки очиқ баёнот берилгани йўқ. Турк расмий манбалари ва ОАВда ҳам қурол харидига оид аниқ далиллар келтирилмаган.
Мутахассислар бу ҳолатни Ўзбекистоннинг ҳозирги босқичда қуролланишдан кўра ҳарбий бошқарув, кадрлар тайёрлаш ва институционал салоҳиятни кучайтиришга устувор аҳамият қаратаётгани билан изоҳламоқда.
Ўзбекистон чегаралари “Bayraktar” дронлари билан қўриқланяпти
Аввалроқ Давлат хавфсизлик хизмати раиси, генерал-полковник Баҳодир Қурбонов давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя қилиш тизими сезиларли даражада замонавийлашганини маълум қилган эди.
“Ўзбекистон 24” телеканали орқали берилган маълумотларга кўра:
- давлат чегарасининг 42 фоизи видеокузатув тизими билан жиҳозланган,
- 1117 км оптик толали алоқа линияси тортилган,
- чегара қўшинлари автозирҳли техникалар билан 18 фоизга, сузиш воситалари билан 86 фоизга, қурол-аслаҳа ва ўқ-дорилар билан 100 фоизга, электрон-оптик воситалар билан 78 фоизга бутланган.
Шу интервьюда Қурбонов чегара бўлинмалари замонавий учувчисиз учиш аппаратлари билан таъминлангани, шу жумладан Туркиянинг “Bayraktar TB2” учувчисиз учиш аппаратлари билан жиҳозланган махсус бўлинманинг жанговар навбатчилиги йўлга қўйилганини ҳам маълум қилган.
Ўзбекистон Туркияда ишлаб чиқарилган “Bayraktar” дронларини қачон ва қанча миқдорда харид қилгани ҳақида расмий ахборот берилмаган. Мамлакатда ушбу дронлар мавжудлиги Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёевнинг 2023 йил 16 ноябрь куни Сурхондарё вилоятидаги ҳарбий қисмга ташрифи чоғида эълон қилинган суратлар орқали маълум бўлган.
Шу билан бирга, Ўзбекистон келажакда Туркияда ишлаб чиқарилган “ANKA” туркумидаги учувчисиз учиш аппаратларини ҳам сотиб олиши мумкинлиги ҳақида аввалроқ хабарлар тарқалган. Анқарадаги учрашувлар доирасида мазкур техника ҳақида ҳам фикр алмашилган бўлиши эҳтимолдан ҳоли эмас.




