23 минг хариднинг 65% рақобат қоидаси бузилган.
2025 йилда 500 дан ортиқ давлат хизматчиси манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги қонун талабини бузган
Ўзбекистонда давлат харидлари соҳаси коррупция учун энг хатарли йўналишлардан бири бўлиб қолмоқда. Ҳар чоракда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳисобот тақдим этади ва деярли ҳар сафар давлат харидлари тўғрисидаги қонун талаблари оммавий равишда бузилаётганини очиқ тан олади.
Бироқ жамоатчиликни қийнаётган асосий савол ўзгармай қолмоқда:
қонун бузган аниқ кимлар, нечта мансабдор жазоланди ва қандай жавобгарликка тортилди?
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги бўлим бошлиғи Аббос Абдураимовнинг маълум қилишича, давлат харидлари билан боғлиқ қонунбузарликлар бўйича турли чоралар қўлланилган:
“Жиноий жавобгарликка тортилган ҳолатлар ҳам бор, маъмурий жавобгарликка тортилган, тендерлар бекор қилинган ва интизомий жавобгарликка тортилган ҳолатлар ҳам мавжуд”.
Унинг таъкидлашича, агентлик манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ ҳолатларда мустақил равишда маъмурий жавобгарликка тортиш ваколатига эга.
“2025 йилда 500 дан ортиқ давлат хизматчиси манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги қонун талабини бузгани учун маъмурий жавобгарликка тортилди. Бу ҳолатларнинг катта қисми давлат харидлари билан боғлиқ”.
Рақобат қўмитаси: 23 мингта харид ўрганилди, 65 фоизида қонун бузилган
Рақобатни ривожлантириш қўмитаси мутахассисининг маълумотига кўра:
2023 йилда 23 000 та давлат хариди ўрганилган. Уларнинг 65 фоизида рақобат қонунчилиги бузилган. Давлат буюртмачиларига нисбатан 714 та маъмурий баённома судларга юборилган.
Бу рақамлар давлат харидларида қонун бузиш деярли тизимли тус олганини кўрсатади.
Молия вазирлиги: назорат очиқ платформага чиқарилади
Молия вазири ўринбосари Гулнора Раҳимова эса муаммони тан олган ҳолда, яқин вақтларда янги тизим ишга туширилишини билдирди:
“Давлат харидлари бўйича махсус назорат платформаси жорий этилади. У очиқ бўлади, жамоатчилик фойдаланиши мумкин бўлади. Назорат қилувчи органлар қайси объект текширилгани, натижаси қандай бўлгани ҳақидаги маълумотларни жойлаштириб боради”.
Унинг айтишича, давлат сирига кирмайдиган барча маълумотлар ушбу платформа орқали эълон қилинади.
Очиқ жазо ва номлар йўқ
Расмий маълумотлар мавжуд, ишлар бор, баённомалар тузилган, суд қарорлари чиқарилган. Аммо, жазоланган амалдорларнинг исм-шарифлари очиқ эмас.
Қайси вазирлик ёки ҳокимликда қанча раҳбар жавобгарликка тортилгани номаълум.




