Раҳбар тазйиқ ўтказса, шикоят юқори идорага юборилади
Ўзбекистонда иш жойидаги руҳий босим, камситиш, шаҳвоний шилқимлик ва зўравонлик ҳақида онлайн шикоят қилиш тизими жорий этилади. Агар мурожаат ташкилотнинг мансабдор шахси хатти-ҳаракатлари устидан бўлса, у автоматик равишда юқори турувчи идорага юборилади.
Бу Президентнинг 2026 йил 21 сентябрдаги қарорида белгиланди.
Хужжатга биноан 2026 йил 1 декабрга қадар давлат органлари ва ташкилотлари учун «Хавфсиз ва ҳурматга асосланган иш муҳити» ахборот портали ишга туширилиши керак.
У орқали мурожаатларни қабул қилиш, далилларни тўплаш, текширув ўтказиш ва хулоса тайёрлаш жараёнлари юритилади. Текширув натижалари, кўрилган чоралар ва уларга киритилган ўзгартишлар ҳақидаги маълумотлар тизимда сақланади, уларни йўқ қилишга йўл қўйилмайди.
Порталга масъул ходим ёки унинг бевосита раҳбари устидан тушган шикоятлар ҳам юқори турувчи идорага автоматик йўналтирилади.
Шикоятлар ва уларни кўриб чиқишга оид маълумотларнинг махфийлигини таъминлаш барча даражадаги ташкилот раҳбарлари зиммасига юклатилмоқда. Уларни қонунда назарда тутилмаган ҳолларда ошкор қилиш ва тарқатишга йўл қўйилмайди.
Мурожаатда маъмурий ҳуқуқбузарлик ёки жиноят аломатлари бўлса, у «112» хизмати орқали ваколатли органга юборилади. Бундай мурожаатларнинг ўз вақтида, тўлиқ ва холис кўриб чиқилиши Ички ишлар вазирлиги ҳамда Бош прокуратуранинг алоҳида назоратида бўлади.
Қарорда давлат ташкилотларининг ички меҳнат тартиби қоидаларида қуйидагиларни белгилаш тавсия этилган:
— қонуний тартибда аниқланган жинсий ёки жисмоний зўравонлик, шаҳвоний шилқимликни меҳнат мажбуриятларини бир марта қўпол бузиш деб баҳолаш;
— тазйиқ, руҳий босим, камситиш, шунингдек, мурожаат қилгани учун таъқиб қилишни меҳнат интизомини бузиш деб баҳолаш.
Нодавлат ташкилотлар учун «dmi.mehnat.uz» тизимида худди шундай имкониятлар 1 декабрга қадар яратилади. Улардан фойдаланиш ихтиёрий бўлади.
Давлат органлари ва ташкилотлари ходимлари ҳамда мансабдор шахслари ҳар йили тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш бўйича қисқа тренингларда ўқитилади.
Нодавлат ташкилотлар ходимлари эса бундай машғулотларда ихтиёрий қатнашиши мумкин.
Шунингдек, икки ой ичида Халқаро меҳнат ташкилотининг меҳнат соҳасида тазйиқ ва зўравонликка барҳам бериш тўғрисидаги 190-сон конвенциясини ратификация қилиш бўйича таклифлар тайёрланади.




