Тошкентликлар кўчмас мулкларининг янги баҳоланган қиймати ҳақида хабарлар ола бошлади. Янги рақамлар айрим мулкдорларни ҳайрон қолдириши мумкин: кечагина кадастрда 100 млн сўм турган квартира бугун қарийб 700 млн сўмга баҳоланмоқда.
Масалан, Uzdiplomatга жўнатилган мурожаатда кўрсатилган Юнусобод туманидаги 3 хоналик квартиранинг аввалги кадастр қиймати қарийб 100 млн сўм бўлган. Оммавий баҳолаш натижасида унинг бозор қиймати 696,8 млн сўм деб ҳисобланган.
Яъни давлат ҳисобидаги қиймат қарийб 7 бараварга ошган.
Аммо бу квартира бирданига етти баравар қимматлади, дегани эмас. Аслида давлат кўчмас мулк қийматини ҳисоблашда эски кадастр баҳосидан бозор нархига яқин баҳолаш тизимига ўтмоқда.
Бу фақат битта квартирадаги ҳолат эмас.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги маълумотига кўра, Тошкентда 600 мингдан ортиқ квартира оммавий баҳолашдан ўтказилган. Уларнинг жами кадастр қиймати 57,8 трлн сўм бўлган бўлса, янги баҳолашда 426,7 трлн сўм чиққан. Демак, квартираларнинг давлат баҳоси ўртача ҳисобда 7,4 бараварга ошган.
Ҳовлиларда фарқ яна катта. 213 мингдан зиёд ҳовлининг кадастр қиймати жами 39,1 трлн сўм бўлган, янги баҳолаш эса уларни 548,4 трлн сўмга баҳолаган. Бу қарийб 14 баравар фарқ дегани.
Нега давлат уйларни қайта баҳолаяпти?
Ўзгариш 2025 йил 5 мартдаги ПФ–43-сон фармон билан бошланган. Мақсад — кўчмас мулкнинг давлат ҳисобидаги қийматини унинг реал бозор нархига яқинлаштириш, деб айтган мутасаддилар.
Тизим ҳозир Тошкентда эксперимент тариқасида ишлаяпти. 2026–2027 йилларда Нукус ва вилоят марказларига, кейин эса бошқа ҳудудларга тарқатилиши белгиланган.
Янги баҳолашнинг аҳамияти фақат уй сотишда эмас. Фармонда кўчмас мулкнинг солиқ солиш, олди-сотди, банкка гаровга қўйиш ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйишдаги қийматларини ўзаро мутаносиблаштириш мақсади белгиланган.
Расмийлар буни изоҳлар экан, давлат эҳтиёжи учун уй олиб қўйилганда унинг қиймати бозордан бир неча баравар паст кадастр баҳосига боғланиб қолиши мулкдор учун манфаатли эмаслиги, янги тизим ана шу катта тафовутни камайтиришга қаратилганини айтишмоқда.
Одамлар ҳавотирда: Солиқ ҳам 7–14 баравар ошадими?
Ҳозирча бундай хулоса қилишга эрта. Лекин, солиқ базасини бозор қийматига яқинлаштириш режалаштирилган. Амалдаги тартибда жисмоний шахснинг мол-мулк солиғи 1 январь ҳолатидаги кадастр қиймати ва белгиланган ставкадан келиб чиқиб ҳисобланади.
Лекин ПФ–43да бозор қийматига асосланган янги тизимга ўтиш билан бирга мол-мулк ва ер солиғи базасини қайта белгилаш ва солиқ ставкаларини пасайтириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ҳам белгиланган.
Шунинг учун «уйим 100 млндан 700 млн сўмга баҳоланди, энди солиғим ҳам етти баравар ошади» деган ҳисоб ҳозирча тўғри эмас. Янги баҳонинг аҳоли мол-мулк солиғига аниқ таъсири якуний солиқ механизми ва ставкаларига боғлиқ.
Янги ставка ва аҳоли учун якуний солиқ юки қанча бўлиши ҳозирча очиқланмаган.
Баҳо нотўғри бўлса-чи?
Янги қиймат ҳам мутлақ ва баҳслашиб бўлмайдиган рақам эмас.
Тошкентда квартираларнинг бир квадрат метри оммавий баҳолаш натижаларида ҳудуди ва хусусиятларига қараб 4,6 млн сўмдан 35,8 млн сўмгача чиққан.
Мулкдор ўз уйи бўйича ҳисоб-китобда қандай маълумотлар ишлатилганини кўриш, тушунтириш олиш ва баҳолаш натижасини қайта кўриб чиқишни талаб қилиш ҳуқуқига эга. Шунингдек, мустақил баҳоловчи ташкилотга мурожаат қилиш мумкин. Дастлабки натижалар 60 кун жамоатчилик муҳокамасига қўйилади.




