Жамоат транспорти йўқ чекка қишлоқдаги эҳтиёжманд оилалар ўқиш учун йўл кира имтиёзидан қандай фойдаланади?
Чекка қишлоқ болалари қўшимча ўқишлар тўловидан фойдалангани бўйича статистика борми?
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги чекка қишлоқ болалари учун қандай ўқув ёрдам дастурини ишлаб чиққан?
Ижтимоий реестрга киритилган оилалар фарзандларининг қўшимча таълим харажатларининг 80 фоизи давлат томонидан қопланмоқда. Ҳозиргача бу имкониятдан 140 мингдан ортиқ ўқувчи фойдаланган.
Бу ҳақда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги бош мутахассиси Улуғбек Нажмиддинов Uzdiplomat мухбири билан суҳбатда маълум қилди.
Унинг айтишича, ижтимоий реестрга киритилган оилалар фарзандлари давлат умумий ўрта таълим мактаблари ҳамда нодавлат ўқув марказларида қўшимча таълим олса, белгиланган тўловнинг 80 фоизи давлат томонидан қоплаб берилади.
Масалан, ўқувчи математика ёки инглиз тили бўйича хусусий ўқув марказига қатнаса, ушбу тўловнинг 80 фоизини давлат қоплайди.
Бироқ бу имкониятнинг чекка қишлоқлардаги болаларга қай даражада етиб бораётгани масаласи очиқ қолмоқда.
Uzdiplomat суҳбат давомида ўқув маркази туман марказида жойлашган, аммо ундан 5–10 километр ёки ундан ҳам узоқда яшайдиган эҳтиёжманд оила фарзанди бу имкониятдан қандай фойдаланиши мумкинлиги ҳақида савол берди.
Нажмиддиновнинг маълум қилишича, айнан шу муаммони ҳисобга олган ҳолда 2027 йилдан ўқув марказларига қатнайдиган эҳтиёжманд оилалар фарзандларининг йўлкира харажатларини ҳам қоплаб бериш кўзда тутилмоқда.
Аммо чекка ҳудудларда муаммо фақат йўлкира пули билан боғлиқ эмас.
Айрим қишлоқларда жамоат транспортининг ўзи йўқ ёки мунтазам қатнов мавжуд эмас. Бундай шароитда давлат йўлкирани қоплаб берган тақдирда ҳам боланинг ҳар куни туман марказидаги ўқув марказига қандай етиб бориши масаласи долзарблигича қолади.
Агентлик вакили ўқув маркази мавжуд бўлмаган ҳудудларда болалар мактабларда ташкил этилган қўшимча тўгаракларга қатнашиши мумкинлиги ва уларнинг харажатларининг ҳам 80 фоизи давлат томонидан қопланишини билдирди.
Бироқ 140 мингдан ортиқ фойдаланувчининг қанчаси айнан чекка қишлоқларда яшаши ҳақида аниқ маълумот йўқ.
Нажмиддинов бу бўйича аниқ рақамни айта олмаслигини билдирди.
Шу билан бирга, ижтимоий реестрга киритилган оилалар учун таълимнинг бошқа босқичларида ҳам имтиёзлар мавжуд. Давлат мактабгача таълим ташкилотларида болалар умумий сонининг 15 фоизи доирасида реестрга киритилган оилалар фарзандлари бадал пулидан озод қилинади.
Олий таълимда эса тўлов-контракт асосида ўқиётган бундай оилалар фарзандларининг контракт суммасининг 50 фоизи қоплаб берилади. Бу кредит эмас ва маблағни кейинчалик давлатга қайтариш талаби йўқ. Аммо талаба билан ижтимоий шартнома тузилади ва унда ўқишни яхши ўзлаштириш, жамоат ишларида фаол бўлиш каби шартлар белгиланади.
Агентлик вакилининг маълум қилишича, 2025–2026 ўқув йилида 4 мингдан ортиқ талабанинг контракт тўлови шу тартибда қоплаб берилган.
Давлатнинг таълим учун 80 фоиз ёки 50 фоиз харажатни қоплаши эҳтиёжманд оилалар учун муҳим имконият. Аммо чекка қишлоқда ўқув маркази ёки унга олиб борадиган транспорт бўлмаса, молиявий ёрдамнинг ўзи боланинг қўшимча таълим олиш имкониятини кафолатламайди.
Шу сабаб 2027 йилдан йўлкирани қоплаш механизми жорий этилиши билан бирга, бу ёрдамнинг энг чекка ҳудудлардаги болаларга амалда қанчалик етиб бориши долзарб муаммолигича қолмоқда.




