Қозоғистон ва Қирғизистон диний идоралари 2027 йилги Рамазон ойи 8 февралдан бошланишини маълум қилди. Саудия Арабистонининг ҳижрий тақвимида ҳам шу сана кўрсатилган. Ўзбекистонда эса Рамазон бошланадиган кун ҳозирча расман эълон қилинмаган.
Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси тасдиқлаган тақвимга кўра, 2027 йилда Рамазон ойи 8 февралда бошланади, Рамазон ҳайити 9 мартда, Қурбон ҳайити эса 16–18 май кунлари нишонланиши кутилмоқда. Қадр кечаси 5 мартдан 6 мартга ўтар кечага тўғри келиши прогноз қилинган.
Қирғизистон муфтийлиги ҳам Рамазоннинг биринчи куни 8 февралга тўғри келишини билдирган. Бироқ ҳар икки мамлакатда диний саналар янги ойнинг кўринишига қараб бир кунга ўзгариши мумкин.
Саудия Арабистонида қўлланиладиган Уммул Қуро ҳижрий тақвимига кўра, 1448 ҳижрий йил Рамазон ойининг биринчи куни 2027 йил 8 феврал, душанбага тўғри келади.
18 октябрда эълон қилинган астрономик ҳисоб-китобларда ҳам шу сана қайд этилган. Бироқ Саудия Арабистонида Рамазоннинг бошланиши янги ойни кузатиш натижалари асосида Олий суд томонидан тасдиқланади. Шу сабабли 8 февраль ҳозирча якуний расмий қарор эмас.
Ўзбекистонда Рамазон қачон бошланади?
Ўзбекистон мусулмонлари идораси 2027 йилги Рамазон ойининг бошланиш санасини ҳозирча расман маълум қилмаган.
Халқаро ҳижрий тақвимларда Ўзбекистон учун ҳам 8 февраль Рамазоннинг биринчи куни сифатида кўрсатилган.
Эслатиб ўтамиз, 2026 йилда Туркий давлатлар ташкилоти Мусулмон диний идоралари раҳбарлари кенгашининг Фатво ҳайъати Самарқанддаги йиғилишида Рамазон 19 февралда бошланишини белгилаган эди. Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон ҳам ушбу санани қабул қилган.




