Тошкентнинг ҳавоси ифлосланиши юзасидан “Ватандош” интернет нашри жамоаси масъуллар ва тадқиқотчиларни бир жойга йиғди. Муҳокамага энергетика вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Олий Мажлис қонунчилик палатаси вакиллари ташриф буюрмади. Ташкилотчиларнинг далолат беришича улар юқорида кўрсатилган расмийларни муҳокамага чақирган аммо, рад жавобини олишган.
Муҳокамада сўзга чиққан сиёсатшунос Ҳамид Содиқ Тошкент ҳавосининг ифлосланиши ва уни олдини олмш юзасидан тадқиқот ва ечимлар борлигига ишора қилди. У масала депутатлар томонидан сиёсийлаштирилмас экан, ҳал бўлмаслигини айтди. “Экологик масала сиёсийлаштирилмаса, яна бюрократия кучаяди. Масалан, иш чангга қарши курашиш вазирлиги ташкил этилиши билан якунланиши мумкин”, деди киноя билан сиёсатшунос.

Сиёсатшунос Ҳамид Содиқ Тошкент ҳавоси ифлосланиши муаммоси ҳақида фикрларини тўлдирар экан XIX асрда Англияда рўй берган вазиятни мисол тариқасида кетирди.
1858 йилда Англияда иқтисодий ўсиш кучайиб Лондон табиати хавф остида қолади. Темза дарёси жигарранг тус олади. Лондон ҳавоси бадбўйлашади ва оқибатда турли касалликлар авж олади. Вазиятни ўнглаш учун одамлар сиёсий институтларга мурожаат қилади. Яъни аҳоли парламентни бўғзидан олади, дейди Ҳамид Содиқ. “Уруш-жанжал билан канализация масаласи ҳал қилинади ва бу ерда мустақил олимлар жуда мухим роль ўйнайди. Яъни академик эркинлик, давлатга боғлиқ бўлмаган олимлар ўша вақтда шаклланган бўлади. Қанчадир раҳбарларни боши кетади ва парламент бу масалани ҳал қилади”, дейди Ҳамид Содиқ. Ўзбекистондаги экологик масалаларни ҳал қилиш учун эса “парламентнинг ўзи йўқ”, дея киноя қилди сиёсатшунос.




