Тегишли «Оила ва гендер” илмий-тадқиқот институти раҳбарлари мазкур саволга юзаки жавоб бериш билан чекланди
Ота-онаси хорижга ишлашга кетган вояга етмаган болалар билан турли кўнгилсиз воқеалар юз берди. Ижтимоий тармоқларда Россияда юрган турмуш ўртоғининг аламини фарзандидан олган, фарзандини турли қийноққа солган видеоёзувлар тарқалди. Ана шундай воқеаларни қайтарилмаслигини олдини олиш “Оила ва гендер” илмий-тадқиқот институтига юкланган эди. Институтга болалар билан ишлаш, уларга психологлар ёрдамини кўрсатиш вазифаси белгиланган. Мана шу ишлар қай даражада амалга оширилмоқда?
Бу ҳақида “Оила ва гендер” илмий-тадқиқот институти ўтказган матбуот анжуманида Uzdiplomat.uz мухбири томонидан саволга тутилди.
«Оила ва гендер” илмий тадқиқот институти директори Нодира Эгамбердиева саволга қуйидагича жавоб берди:
«Меҳнат миграциясига кетган ота-оналарга махсус тавсиялар ишлаб чиқилган. Уларга болалари учун қонуний васий тайинлаш, болаларга ва васийларга барча зарур маълумотларни бериш муҳимлиги тушунтирилган. Ота-оналар кетишдан олдин ўзларининг қаерга ва қандай ишга кетишларини аниқ билиши, болаларини васийликка қолдираётган яқин қариндошларининг саломатлиги ва бола тарбиясига бўлган масъулиятини ўрганиб чиқиши зарур. Биз болалар ва уларнинг васийлари ўртасидаги алоқани сақлаб қолишни тавсия этамиз. Ота-оналар камида ҳафтада 2-3 марта болалари билан телефон орқали мулоқотда бўлиши керак. Улар болаларининг соғлиги, ўқиши ва турмуши ҳақида доимий равишда хабардор бўлишлари лозим. Институтимизда бу мавзуда буклетлар, видеороликлар тайёрланди ва улар кенг оммага тарқатилди. Миграция сабаб болаларнинг қаровсиз қолиши уларнинг тазйиқ ва зўравонликка учрашига асосий сабаб бўлмоқда. Ота-оналарнинг масъулияти, тўғри васийликни таъминлаш, болалар билан алоқада бўлиш муҳим омил ҳисобланади»дейди институт директори.




