Тошкент шаҳрида “Ахборотдан ишонч сари: давлат, оммавий ахборот воситалари ва жамият ўртасидаги мулоқот ислоҳотларни қандай ўзгартирмоқда?” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Тадбир Замонавий журналистикани ривожлантириш маркази томонидан “Иқтисодий ривожланиш учун самарали бошқарув” (EGED) дастури доирасида Буюк Британия Ташқи ишлар вазирлиги (FCDO) ва Қирғизистоннинг “Тараққиёт сиёсати институти” билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Унда давлат органлари, журналистлар, блогерлар, халқаро экспертлар ва фуқаролик жамияти вакиллари иштирок этди. Муҳокамаларда давлат органларининг ОАВ билан ишлаш сифати, иқтисодий ислоҳотларни аҳолига тушунарли етказиш ва давлат ҳамда жамият ўртасидаги ишонч масалалари кўтарилди.
Давра суҳбатида Uzdiplomat бош муҳаррири Анора Содиқова ҳам нутқ сўзлади.
У ўз чиқишида Ўзбекистонда ахборот хизматлари очиқлик институтидан PR тизимига айланиб бораётганини танқид қилди.
“Бугун давлат органлари журналист саволларига жавоб бериш ўрнига reels, podkast ва имидж видеолар тайёрлаш билан шуғулланмоқда. Кўп PR ҳали очиқлик дегани эмас. Очиқлик — мустақил журналистнинг қийин саволига жавоб бера олишдир”, — деди Анора Содиқова.
Унинг таъкидлашича, кўп давлат органлари мустақил журналистларга интервью беришдан қочади, лекин давлат телеканаллари ёки ўз матбуот котиби билан “интервью” қилишда давом этмоқда.
Шунингдек, у давлат органлари рaддияларида кўп ҳолатда факт ва рақамлар эмас, балки журналистларнинг ўзи нишонга олинаётганини танқид қилди.
Тадбир иштирокчилари давлат органлари, ОАВ ва фуқаролик жамияти ўртасидаги мулоқотни кучайтириш, давлат коммуникацияларида шаффофлик ва ҳисобдорликни ошириш бўйича таклифлар билдиришди.




