Ўзбекистонда газ қазиб олишдаги пасайиш тезлашмоқда. Иқтисодчи Отабек Бакиров бунга эътибор қаратди.
Октябрь ойида 3,3 млрд куб метр газ қазиб олинган бўлиб, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 300 млн куб метрга кам. Жорий йилнинг 10 ойи давомида умумий қисқариш 1,8 млрд куб метрни ташкил этди. Агар динамика шу тарзда давом этса, 2025 йил якунида газ қазиб олиш ҳажми 42 млрд куб метр атрофида бўлиши, яъни ўтган йилга нисбатан тахминан 2,5 млрд куб метрга камайиши мумкин.
Шу билан бирга, қазиб олишдаги инқироз Устюртда “аномал юқори босимли ноёб газ кони топилди” деган билдирувлар фонида кечмоқда.
«Аммо бу каби оптимистик даъволар аввал ҳам бир неча марта вазият ёмонлашган пайтларда ахборот майдонига чиққани кузатилган. Масалан, 2023 йилдаги қишдаги кризисдан кейин вазир Мирзамаҳмудов газ қазиб олиш суръати ўзгара бошлаётганини айтган, аммо амалда тескари натижа кузатилган — пасайиш янада тезлашган», деб ёзади иқтисодчи.
Октябрь бошида «Ўзбекнефтегаз» раҳбарияти юқори босимли кенглик ҳақидаги саволларга жавоб бериб, икки ой ичида битта қудуққа тахминан 45 млрд сўм сарфланиб, 100 млн куб метр газ олингани, тушум эса 60 млрд сўмни ташкил этганини маълум қилган. Газ UzGasTrade’га тахминан 600 сўмдан сотилгани айтилган.
Иқтисодиётнинг бошқа углеводород йўналишларида ҳам пасайиш қайд этилган:
нефть қазиб олиш — 57,2 минг тоннагача (−0,8 минг тонна)
газ конденсати — 84,2 минг тонна (−7,7 минг тонна)
бензин ишлаб чиқариш — 90 минг тонна (−5,2 минг тонна)
Кўп вақтдан буён кузатилмаган ҳолат — кўмир қазиб олиш ҳам 100 минг тоннага қисқариб, 900 минг тоннага тушган.
Шу билан бирга, электр энергияси ишлаб чиқариш ўсишда давом этмоқда: октябрда 6,69 млрд кВт/соат энергия генерация қилинган, бу ўтган ойга нисбатан 243,7 млн кВт/соатга кўп.




