Тошкентда ўтказилган Учинчи Европа Иттифоқи – Марказий Осиё иқтисодий форуми икки минтақа ўртасидаги стратегик ҳамкорликни кескин жадаллаштирган йилнинг навбатдаги муҳим сиёсий воқеаси сифатида қайд этилди. Йил давомида Самарқандда илк бор ўтган ЕИ–МО саммити, Ашхободда бўлиб ўтган вазирлар учрашуви ва Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Брюсселга амалга оширган расмий ташрифидан сўнг, Тошкентдаги Форум мулоқотни амалий натижалар босқичига олиб чиқди.
Форумда икки минтақа раҳбарлари иқтисодий интеграцияни чуқурлаштириш, стратегик инвестицияларни кенгайтириш ва барқарор ўсишни рағбатлантириш масалаларини муҳокама қилдилар. Европа Иттифоқининг Глобал Дарвоза (Global Gateway) стратегияси доирасида давлат молиясини ислоҳ қилиш, ресурсларни масъулиятли бошқариш, чегара хавфсизлигини кучайтириш ва экологик тикланишга қаратилган йирик дастурлар бўйича келишувларга эришилди.
Тошкент Форуми Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё манфаатлари тобора яқинлашиб бораётганини кўрсатди. Айниқса муҳим хомашёлар (critical raw materials), рақамлаштириш, энергетика ва бошқарув ислоҳотлари бўйича тарафлар аниқ амалий қадамлар қўймоқда. Европа Иттифоқининг халқаро ҳамкорлик бўйича Комиссари Йозеф Сикела ўз нутқида 2025-йил Глобал Дарвоза стратегияси доирасидаги самарали ҳамкорликни яна бир бор тасдиқлаганини, шу муносабат билан бошқарувни мустаҳкамловчи ва Европа инвесторлари олдидаги асосий тўсиқларни бартараф этувчи учта янги critical raw materials лойиҳаси эълон қилинганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, рақамли интеграция, тоза энергия, транспорт йўналишлари ва хомашёлар соҳасидаги ҳамкорлик сезиларли даражада кенгаймоқда.
Форум доирасида бир қатор муҳим лойиҳалар тақдим этилди. DATA4CRM ташаббуси доирасида геомаълумотлар тизимини модернизация қилиш ва геологик маълумотларга кириш имкониятини яхшилаш мақсадида Европа Иттифоқи ва Финляндия ҳамкорлигида умумий қиймати 7,5 миллион евро бўлган лойиҳа имзоланди. SECURE CRM лойиҳаси Европа иттифоқи ва UNODC/UNECE ўртасида 3 миллион евро маблағ билан амалга оширилиб, UNFC стандартлари асосида хомашё қиймат занжирларини кучайтириш ва масъулиятли, шаффоф таъминот тизимини ривожлантиришга қаратилган.
GROW CRM ташаббуси Европа иттифоқи ва ЕБРР ҳамкорлигида амалга оширилиб, яна 3 миллион евро доирасида янги CRM лойиҳаларини ишлаб чиқиш, техник-иқтисодий асослаш тадқиқотларини қўллаб-қувватлаш ва мintaқада ресурсларни масъулиятли бошқариш бўйича меъёрларни такомиллаштиришни назарда тутади.
Экологик барқарорликни таъминлаш мақсадида Европа Иттифоқи Оролбўйи экотизимини тиклашга 8,8 миллион евро грант ажратди. Қўшимча равишда ЕИB ва AFD ҳар бири 20 миллион евролик кредитлар билан мазкур лойиҳани қўллаб-қувватлайди. Лойиҳа деградацияга учраган ерларни тиклаш, экологик барқарорликни ошириш ва аҳолининг ижтимоий-иқтисодий шароитларини яхшилашга йўналтирилган.
Шу билан бирга, BOMCA ва CADAP дастурлари ҳам янгиланган бюджетлар билан давом эттирилади. BOMCA дастури 12 миллион евро доирасида чегара хавфсизлигини кучайтириш ва чегара ҳудудларидаги аҳолининг турмуш шароитларини яхшилашни кўзда тутади. CADAP дастури эса 18 миллион евро билан гиёҳвандликнинг олдини олиш, профилактика ишларини кучайтириш ва гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланмасига қарши курашишга қаратилган.
Тошкент Форуми қайтадан шундан далолат бердики, Европа иттифоқи Марказий Осиёдаги иштирокини кескин фаоллаштириб, минтақада барқарорлик, иқтисодий диверсификация ва стратегик ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқмоқда.




