Баҳаво, сўлим гўшада қурилаяпти деб реклама қилинган “Ботаника” турар жой мажмуаси аслида ўнлаб корхоналар мавжуд бўлган саноат зонасида барпо этилаётган экан. Энг қизиғи рухсат олинаётганида лойиҳа турар жой сифатида эмас, балки “автосервис” деб кўрсатилган.
Мирзо-Улуғбек туманидаги саноат ҳудудида BOTANIKA турар жой мажмуаси қурилишини амалга ошираётган “Renessans Build Group” МЧЖ ва амалдаги “United Industrial Equipment” ҳамда “Unieq Finance Leasing” корхоналари ўртасида шаҳарсозлик можароси бошланди.
Саноат ҳудуди кутилмаганда “ёғли” турар-жой кварталига айланиб қолди. Энди эса баҳс марказида завод цехлари, бюджетга тушумлар ва юзлаб иш ўринларининг келажаги билан бирга, келгусида саноат шовқин ва чанг ичида яшаши мумкин бўлган харидорларнинг манфаатлари ҳам турибди. Маълум бўлишича, бош режа сохталаштирилган, санитария ва ёнғин хавфсизлиги қоидалари эътиборсиз қолдирилган. Мана шундай шароитда Бош прокуратуранинг эътирози суд жараёнида кутилмаган бурилишга сабаб бўлди.

Anhor.uz ушбу мураккаб вазиятни ўрганиб, можаро қандай бошланганини, автосервис деб кўрсатилган лойиҳа қандай қилиб BOTANIKAга айланганини ва бу жараённи Тошкентдаги шаҳарсозлик назоратидаги тизимли хатоларга ёрқин мисол сифатида таҳлил қилди.
Ҳаммаси қандай бошланган? Биринчи босқич. 2016 – 2022 йиллар
2016 йилда Мирзо-Улуғбек туманидаги саноат ҳудудида “United Industrial Equipment” компанияси иш бошлади. Компания металл конструкциялар цехи, омборхона ва махсус техникалар учун сервис станциясини очди. Бу ер расман нотурар жой деб қайд этилган. Кейинчалик унга “Unieq Finance Leasing” — ускуналарни молиялаштирувчи шерик компания қўшилди. Ер ҳокимият орқали ижарага олинди ва UZKAD кадастрига киритилди. Барқарор ишлаб чиқариш фаолияти шу асосда йўлга қўйилди.
Кейинги йилларда бизнес кенгайиб борди. 2018 йилга келиб типография ва бошқа ишлаб чиқариш линиялари ташкил этилди. Ходимлар сони 90 нафардан ошди. Бюджетга солиқ тўловлари барқарор бўлди. 2022 йилга келиб бу ерда бешта резидент ишларди: металл цехи, кенг форматда босма типография, махсус техника сервиси ва сантехника деталлари омбори. Ходимлар сони 110 нафарга етади.
Автомобилларга хизмат кўрсатиш баҳонасида кенгайган лойиҳа…
2023 йил
2023 йил баҳорида ҳудуддаги ёндош ер майдони — 0,3 гектар — «Renessans Build Group» ва Махсуда Бўтаева эътиборини тортди. 1 апрель куни «автосервис ва идора» лойиҳаси учун расмий хулоса олинди. Бироқ шундан сўнг электрон тизимга мутлақо бошқа лойиҳа — 11 қаватли турар жой биноси юкланди.
Кузга келиб, бу ерда фаолият олиб бораётган корхоналар кўрдиларки, янги бош режада уларнинг омборлари ва йўллари, автомобиль тўхташ жойлари ва ёнғин гидранти сифатида кўрсатилган. Шу тариқа, можаро бошланди.
Автосервиснинг 11 қаватли уйга айланиши. Сентябрь – декабрь 2023 йил
22 сентябрь куни шаҳар қурилиш бошқармаси автомобилларга хизмат кўрсатиш ва идора биноси учун хулоса беради. Лекин «E-Назорат» электрон тизимига 11 қаватли уйнинг режаси юкланади. Қишга келиб, 17 та дарахт кесилади, бетон қуйиш ишлари бошланади. Қурилиш баннерида эса «BOTANIKA» деган ёзув пайдо бўлади. Қонунбузарликлар ҳақидаги шикоятлар назорат органлари томонидан инкор этилади.
Судя қонунбузарликка кўз юмди…
«United Industrial Equipment» ва «Unieq Finance Leasing» судга мурожаат қилди. Биринчи инстанция суди талабни рад этди. Иш ҳужжатларига кўра, “United Industrial Equipment” МЧЖ судга мурожаат қилиб, Тошкeнт шаҳар қурилиш бош бошқармасининг саноат зонасида “дом” қуриш ҳуқуқини берувчи 2023 йил 15 августдаги 1726269-126017-сонли рухсатномасини ҳақиқий эмас деб топишни сўраган. Бундан ташқари суддан қурилиш бош бошқармасининг 2023 йил 22 сентябрдаги 95161354-сонли хулосасини ҳам ҳақиқий эмас деб топиш сўралган.
Тошкент туманлараро маъмурий судининг 2024 йил 19 апрелдаги ҳал қилув қарори билан МЧЖларнинг талабларини қаноатлантириш рад қилинган. Сўнгра иш Тошкент шаҳар маъмурий суди апелляция инстанциясида кўриб чиқилган.
Президентга мурожаат воқеалар ривожини ўзгартирди. 2024 йил — майдан июлгача
Президентга мурожаатдан сўнг, СЭС, ФВВ ва экология экспертизаси лойиҳани текширди:
ФВВ 10 метр деб кўрсатилган масофа фаолиятда 4,6 метр эканини аниқлади.
Судда иштирок этган Санитария – эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси Тошкент шаҳар бошқармаси мутахассиси эса “дом” қурилаётган манзил саноат зонасида жойлашганини, белгиланган талабларга асосан турар жой бинолари омборлардан камида 50 метр масофада жойлашган бўлиши кераклигини, мавжуд санитария меъёрларига мос келмаслигини билдирган. 29 июль куни шаҳар суди хулосани бекор қилди.
Қалбаки ҳужжат билан қурилишнинг давом этиши. Август – сентябрь 2024 йил
Бўтаеванинг вакиллари суднинг ревизион инстанциясига мурожаат қилиб, деярли махфий равишда 29 июлдаги қарорни бекор қилишга эришди. Аммо янги тақдим этилган ҳужжатлар қалбаки бўлиб чиқди. Шунга қарамасдан, қурилиш давом этди.
Апеляция суди қарорининг бекор бўлиши. Октябрь – январь 2025 йил
Тошкент шаҳар маъмурий суди тафтиш инстанциясининг 2024 йил 13 сентябрдаги қарори билан апелляция инстанцияси қарори ва хусусий ажрими бекор қилиниб, дастлабки суд қарори ўз кучида қолдирилган.
Иш шу тариқа бир инстанция бошқасининг қарорини бекор қилган ҳолда Олий судга етиб келган. Олий суд маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати тафтиш инстанциясининг 2025 йил 27 январдаги қарори билан эса Тошкент шаҳар маъмурий суди апелляция инстанциясининг 2024 йил 29 июлдаги қарори ва хусусий ажрими ўз кучида қолдирилган.
Шу тарзда 27 январь куни Ўзбекистон Олий суди қарор қабул қилиб, барча рухсатномаларни бекор қилди.

Аниқланган қоидабузарликлар:
Ернинг мақсади — уй-жой қурилиши учун эмас;
Қурилиш зичлиги икки баравар ошган;
Фақат автосервисга рухсат бўлган;
Қурилишда техник ҳужжатлар, сертификатлар йўқ;
Ҳеч қандай назорат амалга оширилмаган;
Ҳокимлик билан ер ижара шартномаси умуман тузилмаган.
Бош прокурорнинг Олий суд Президиумига протести. 2025 йил баҳори
29 апрель куни Бош прокурор Олий суд Президиумига протест киритди. Протестда СЭС, ФВВ, экология ва қурилиш назорати хулосалари ҳисобга олинмаган. Энг муҳими — ерга мулк ҳуқуқи расман берилмагани эътиборсиз қолдирилган.
Бу протест тадбиркорлар учун кутилмаган ҳолат бўлди. Аввалроқ прокуратура ҳам уларнинг манфаатини ҳимоя қилган эди. Ҳозирда қурилиш ҳам, хонадон сотуви ҳам давом этмоқда. Интернет ва билбордлардаги рекламада саноат шовқини, ифлосланиш, ичимлик суви танқислиги ва инфратузилманинг йўқлиги ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ. Бу жой баҳаво маскан сифатида мижозларга тақдим этилмоқда.
Бу сўнгги вақтлардаги турар-жой мажмуалари қурилишидаги биринчи ҳолат эмас. Ваколатли органлар қурилиш бошланиши вақтида нега меъёрларни четлаб ўтиб рухсат беришади? Бундай қарорлар учун жавобгарликни кучайтириш вақти келмадими?




