1 июнь куни Австриянинг Вена шаҳрида БМТнинг Жиноятчиликнинг олдини олиш ва жиноий одил судлов комиссиясининг 35-сессияси ўз ишини бошлади.
Тадбирда Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси иштирок этди. Делегация сессия доирасида миллий маъруза билан чиқиш қилди.

Саида Мирзиёева томонидан Ўзбекистонда қонун устуворлигини таъминлаш, одил судлов тизимини такомиллаштириш, хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жиноятчилик профилактикаси ҳамда ёшларни қўллаб-қувватлаш соҳаларида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.

Сессия доирасида БМТ Бош котиби ўринбосари ҳамда БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси (UNODC) ижрочи директори Моника Жума билан учрашув ҳам ўтказилди. Томонлар жиноятчиликка қарши курашиш, ҳуқуқий ислоҳотлар ва ижтимоий ҳимоя масалалари бўйича ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди.
Шунингдек, Ўзбекистон томонидан аёллар, болалар ва ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалаларига бағишланган махсус тадбир ташкил этилди. Унда халқаро ташкилотлар ва қатор давлатлар вакиллари иштирок этди.
Маълумот учун, комиссиянинг 35-сессияси доирасида турли давлатлар ва халқаро ташкилотлар иштирокида кўплаб қўшимча тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган.




