Қирғизистон Марказий Осиёда сув ресурсларини шакллантирувчи юқори оқим давлатлари учун иқтисодий компенсация механизмларини жорий этиш таклифини яна илгари сурди.
Бу ҳақда Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари – сув ресурслари, қишлоқ хўжалиги ва қайта ишлаш саноати вазири Эрлист Акунбеков Тожикистонда ўтган «Сув – барқарор ривожланиш учун» халқаро конференциясида маълум қилган.
Унинг таъкидлашича, Қирғизистон Марказий Осиёда сув ресурслари тўлиқ ўз ҳудудида шаклланадиган ягона давлат ҳисобланади. Шу билан бирга, мамлакат ўз сув ресурсларининг 30 фоизидан камини истеъмол қилади, қолган қисми эса қўшни давлатларга оқиб ўтади.
Вазирнинг иддао қилишича, сув хўжалиги инфратузилмасини сақлаш ва модернизация қилиш учун катта маблағ талаб этилмоқда. Фақат сўнгги бир йилда соҳага тахминан 80 миллион доллар, кейинги беш йилда эса жами 259 миллион доллар сарфланган.
Шу муносабат билан қирғиз томони минтақа сув ресурсларини шакллантирувчи давлатлар учун ўзаро манфаатли иқтисодий компенсация механизмларини жорий этиш таклифини билдирди. Акунбековнинг фикрича, бундай ёндашув гидротехник иншоотларни сақлаш ва янгилашга қўшимча имконият яратади ҳамда бутун минтақа манфаатларига хизмат қилади.
Конференцияда иқлим ўзгариши ва музликлар майдонининг қисқариши оқибатида Марказий Осиёда сув ресурслари камайиб бораётгани ҳам қайд этилди. Мутахассислар ҳисоб-китобларига кўра, 2050 йилга бориб минтақада чучук сув захиралари янада қисқариши мумкин.
Айни пайтда Қирғизистон томонидан Ўзбекистон ёки бошқа қуйи оқим давлатларига бевосита сув учун тўлов жорий этиш ҳақида расмий баёнот берилмаган. Гап сув ресурсларини шакллантирувчи давлатларнинг инфратузилма харажатларини қоплашга қаратилган минтақавий компенсация механизмлари ҳақида кетмоқда.
Бу масала Ўзбекистон учун ҳам муҳим. Мамлакат сув ресурсларининг асосий қисми трансчегаравий дарёлар ҳисобига шаклланади.
CAWater-Info маълумотларига кўра, Ўзбекистон йилига ўртача 51–53 млрд куб метр сувдан фойдаланади, унинг тахминан 80 фоизи — 41 млрд куб метр атрофидаги қисми трансчегаравий дарёлардан келади.
Хусусан, Сирдарё ҳавзаси Ўзбекистон учун стратегик аҳамиятга эга. Сирдарё Норин ва Қорадарё дарёларининг қўшилишидан ҳосил бўлади, бу дарёлар эса Қирғизистон ҳудудидан бошланади. Шу сабабли Қирғизистонда сув омборлари, гидротехник иншоотлар ва сув тақсимоти бўйича қабул қилинадиган қарорлар Фарғона водийси, қишлоқ хўжалиги ва энергетика барқарорлигига бевосита таъсир қилади.
FAO маълумотларида Сирдарё ҳавзасидаги сув оқимининг қарийб 75 фоизи Қирғизистонда шаклланиши ва Ўзбекистонга йўналиши, шундан 22,33 млрд куб метри келишувлар билан кафолатлангани қайд этилган.
Шу боис Қирғизистоннинг компенсация механизмлари ҳақидаги таклифи Ўзбекистон учун нафақат экологик, балки иқтисодий ва аграр хавфсизлик нуқтаи назаридан ҳам аҳамиятли ҳисобланади.




