Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Вена шаҳрида Австрия Федерал канцлери Кристиан Штокер билан учрашди.
Учрашувда Ўзбекистон–Австрия муносабатларини ривожлантириш, сиёсий мулоқотни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Мулоқот давомида Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқи билан ҳамкорлиги ва қўшма лойиҳаларни амалга оширишнинг янги имкониятлари ҳам алоҳида муҳокама қилинган.

“Ўзаро ишонч ва ҳурмат руҳидаги шерикликни янада кенгайтиришдан ҳар икки томон ҳам манфаатдор экани таъкидланди”, — деб ёзди Мирзиёева.
Маълумот учун, Ўзбекистон делегациясининг Австрияга ташрифи Венада бўлиб ўтган БМТнинг Жиноятчиликнинг олдини олиш ва жиноий одил судлов бўйича комиссияси 35-сессияси доирасида амалга ошмоқда. Ушбу халқаро анжуманда 175 давлатдан 1,5 мингдан ортиқ юқори мартабали вакиллар ва экспертлар иштирок этган.
Ўзбекистон мазкур комиссия ишида аъзо давлат сифатида илк бор қатнашган.
Ташриф доирасида Австрия парламенти раҳбарияти билан ҳам музокаралар ўтказилиб, икки томонлама ҳамкорлик истиқболлари, Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, жамиятни демократлаштириш ва давлат бошқарувини модернизация қилиш жараёнлари юзасидан фикр алмашилган.




