Ўзбекистон таклиф қилган ШҲТга аъзо давлатлар темир йўл тармоқларини интеграция қилиш кенгаши Марказий Осиёдаги транспорт йўналишларига Хитой таъсирини ошириши мумкин. Бу ҳақда АҚШдаги Foundation for Defense of Democracies (FDD) таҳлил маркази материалида сўз боради.
Таҳлилда қайд этилишича, Хитой ва Европани Россия ҳамда Эронни четлаб ўтиб боғловчи Транскаспий халқаро транспорт йўлаги — Ўрта йўлак АҚШ–Хитой рақобатининг янги йўналишига айланмоқда.
Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг 1 сентябрь куни ўтказилган саммитида автомобиль ва темир йўллар, мультимодал йўлаклар, логистика марказлари ҳамда рақамли технологиялар бўйича ҳамкорликни чуқурлаштиришга чақирилган. Марказий Осиёнинг ШҲТдаги тўрт давлати ҳам Хитойнинг «Бир макон — бир йўл» ташаббусини қўллаб-қувватлаган.
Саммитда Ўзбекистон аъзо мамлакатларнинг темир йўл тармоқларини бир-бирига боғлаш ва мувофиқлаштириш учун ШҲТ кенгашини тузишни таклиф қилди. Қозоғистон эса 2035 йилгача «Бир макон — бир йўл», Ўрта йўлак ва бошқа транспорт йўналишларини ўзаро боғловчи стратегия ишлаб чиқиш ташаббусини илгари сурди.
FDD муаллифларининг талқинига кўра, ушбу ташаббуслар Ўрта йўлак фаолиятини мувофиқлаштириш жараёнини Хитой таъсири кучли бўлган ШҲТ доирасига кўчириши мумкин.
Хитойнинг Марказий Осиёдаги иқтисодий иштироки тобора кенгаймоқда. Материалда келтирилишича, 2025 йил ўрталарига қадар Хитойнинг минтақага тўғридан-тўғри инвестициялари қарийб 36 млрд долларга етган. Қозоғистоннинг Ақтау портида Хитойнинг Ляньюньган порти иштирокида контейнер маркази очилган. Икки давлат Каспий денгизидан Хитойнинг Тинч океани соҳилларигача чўзиладиган логистика тармоғини ҳам ривожлантирмоқда.
Таҳлилда АҚШ ва Европа ҳам Ўрта йўлак орқали Марказий Осиё бозорларига чиқиш ҳамда таъминот занжирларини диверсификация қилишдан манфаатдор экани айтилган. Айниқса, Марказий Осиёдаги критик минералларни Хитойга қарам бўлмаган ҳолда қайта ишлаш ва Ғарб бозорларига олиб чиқиш устувор вазифалардан бири сифатида кўрсатилган.
Шу билан бирга, Хитойнинг портлар, логистика марказлари ва рақамли бошқарув тизимларидаги иштироки унга Ўрта йўлак орқали амалга ошириладиган савдога сезиларли таъсир ўтказиш имконини бериши мумкинлиги таъкидланган.
FDD АҚШга Каспий портлари, логистика марказлари, божхона инфратузилмаси ва юкларни рақамли кузатиш тизимларига сармояларни оширишни тавсия қилмоқда. Материалда АҚШ Халқаро тараққиёт молия корпорацияси ва Экспорт-импорт банки Ўзбекистон билан транспорт, логистика, критик минераллар, инфратузилма ва ахборот технологияларини қамраб олувчи инвестиция платформасини ишга туширгани ҳам эслатилган.
Бироқ, uzdiplomat шуни эслатадики FDD материалида Ўзбекистон ташаббуси минтақавий савдони енгиллаштириши, юк ташиш харажатларини камайтириши ва мамлакатнинг транзит имкониятларини ошириши мумкинлиги деярли таҳлил қилинмаган. Масала асосан АҚШ–Хитой геосиёсий рақобати нуқтаи назаридан баҳоланган. Бу йўл яна Россия таъсиридан чиқишга ҳам имкон бўлиши мумкин.




