Депутат Раҳимжон Ҳакимов бугун Қонунчилик палатаси Спикер ўринбосари этиб сайланди.
Энди еттита эмас, иккита ўринбосар бўлади
Раҳимжон Ҳакимов 1983 йил Наманган вилояти Чуст туманида туғилган. Маълумоти олий. 2003 йилда Наманган давлат университети, 2005 йил Тошкент давлат юридик институтини тамомлаган, мутахассислиги – ҳуқуқшунос. У юридик фанлар доктори ҳисобланади.
Президент ҳузуридаги амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институтида ишлаган. 2015 йилда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига сайланган. 2015 йилдан 2017 йилга қадар Қонунчилик палатасида Мудофаа ва хавфсизлик қўмитаси аъзоси бўлган, 2017 йилда парламент ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директорига айланган, 2018 йилдан парламентнинг қуйи палатаси мудофаа ва хавфсизлик қўмитаси раиси бўлган.
2019 йил сентябрида ўша вақтда Адлия вазири бўлган Русланбек Давлетовга ўринбосар — Тошкент давлат юридик университети ректори лавозимига тайинланади. 2021 йил июлида Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг фан ва инновациялар бўйича ўринбосари сифатида иш бошлаган.
2022 йилдан эса Раҳимжон Ҳакимов яна Русланбек Давлетовга ўринбосарлик қила бошлади – Ўзбекистон президентининг ижтимоий-сиёсий ривожланиш масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари лавозимига тайинланди
Эслатиб ўтамиз, янги тартибга кўра Қонунчилик палатаси спикерининг ўринбосарлари сони 7 нафардан 2 нафарга қисқартирилган.
2020 йилдан буён шу пайтга қадар Акмал Саидов биринчи ўринбосар, Актам Хаитов, Алишер Қодиров, Наримон Умаров, Борий Алихонов ҳамда Улуғбек Иноятов спикернинг ўринбосарлари сифатида ишлаб келаётганди. Энди фақат бир нафар биринчи ўринбосар (Мавлудахон Хўжаева) ва бир нафар ўринбосар (Раҳимжон Ҳакимов) фаолият олиб боради.




