57 мамлакатдан 160дан ортиқ ташкилот Formula 1 ‘га мурожаат қилиб никотин маҳсулотларини реклама қилишни тақиқлашни сўрмоқда
Formula 1 янги мавсумни бошлар экан, дунёнинг 57 мамлакатидан 160дан ортиқ ташкилот спорт раҳбариятини тамаки компаниялари билан ҳамкорликни тўхтатишга чақирди. Фаоллар фикрича, никотин маҳсулотлари орқали Formula 1 миллионлаб ёш мухлислар орасида янги авлодни никотинга ўргатиш майдонига айланмоқда.
Formula 1 мусобақалари расман сигарет реклама ва ҳомийлигини 2006 йилда тақиқлаган эди. Аммо бу тамаки индустриясининг спортдан бутунлай чиқиб кетганини англатмади.
Ҳозирда икки йирик тамаки компанияси — Philip Morris International ва British American Tobacco — Formula 1 жамоалари орқали янги маҳсулотлари бўлган никотин пакетчаларини тарғиб қилмоқда.
Philip Morris Ferrari жамоаси билан ҳамкорлик қилиб Zyn брендини реклама қилмоқда. British American Tobacco эса McLaren жамоаси орқали Velo брендини тарғиб қиляпти.
Бу брендлар логотиплари пойга автомобиллари ва ҳайдовчиларнинг кийимларида жойлаштирилган. Улар орасида 2025 йилги жаҳон чемпиони Ландо Норрис ва етти карра чемпион Льюис Хэмилтон каби супер юлдузлар ҳам бор.
Муаммо шундаки, Formula 1 сўнгги йилларда махсус равишда ёш аудиторияни жалб қилиш стратегиясини кучайтирган.
Спорт Disney, Lego ва Mattel’нинг Hot Wheels бренди билан ҳамкорликни йўлга қўйди. Пойгаларда Mickey персонажлари чиқмоқда, болалар учун махсус Lego ва Hot Wheels маҳсулотлари чиқарилмоқда.
Formula 1 маълумотларига кўра, АҚШ ва Европа Иттифоқида 8–12 ёшли 4 миллиондан ортиқ бола бу спортни кузатади:
TikTok аудиториясининг 54 фоизи,
Instagram аудиториясининг 40 фоизи 25 ёшдан кичик.
Фаоллар фикрича, тамаки компаниялари айнан шу аудиторияни мақсад қилмоқда.
Campaign for Tobacco-Free Kids ташкилоти раҳбари Йолонда Ричардсон шундай дейди:
“Тамаки компаниялари Formula 1 автомобиллари ва машҳур пойгачилар орқали болалар кўрадиган реклама яратмоқда. Бу янги авлодни никотинга ўргатиш стратегиясининг бир қисми.”
Мутахассислар таъкидлашича, никотин пакетчалари ўсмирлар учун хавфли. Улар кучли қарамликка олиб келиши, мия ривожланишига зарар етказиши ва бошқа моддаларга қарамликка йўл очиши мумкин.
Шу сабаб 57 мамлакатдан 162 ташкилот Formula 1 раҳбариятига мактуб йўллаб, сигаретларга қўйилган тақиқни барча никотин маҳсулотларига ҳам татбиқ этишни талаб қилди.
Шунингдек, Disney, Lego ва Mattel компанияларига ҳам мурожаат қилиниб, Formula 1’га босим ўтказиш сўралди.
Фаоллар талаби қуйидагича:болалар учун яратилган спорт муҳитида никотин бренди бўлиши мумкинми?




