Газ импорти 50 фоизга ошди, экспорт эса 35 фоизга камайди
Ўзбекистон 2026 йилнинг дастлабки тўққиз ойида газ сотишдан топган маблағига нисбатан уни хориждан харид қилишга қарийб 4,5 баравар кўп пул сарфлади. Айни пайтда мамлакатда табиий газ қазиб олиш ҳажми ҳам кескин қисқармоқда.
Миллий статистика қўмитасининг 28 октябрда эълон қилган маълумотларига кўра, январь–сентябрь ойларида Ўзбекистон 1 млрд 605,3 млн долларлик табиий ва сунъий газ импорт қилган. Бу 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 49,9 фоизга кўп.
Шу даврда газ экспорти, аксинча, 34,5 фоизга камайиб, 357,9 млн долларни ташкил этган.
Натижада газ ташқи савдосидаги салбий фарқ 1 млрд 247,4 млн долларга етган. Бир йил аввал бу кўрсаткич тахминан 524 млн доллар бўлган.
Импорт таркибига 152,2 млн долларлик суюлтирилган газ (пропан) ҳам киритилган. Унинг импорт қиймати ўтган йилга нисбатан 3,8 бараварга ошган.
Газ қазиб олиш ҳам камаймоқда
Миллий статистика қўмитасининг саноат бўйича маълумотларига кўра, 2026 йил январь–сентябрь ойларида йирик корхоналар томонидан 27 млрд куб метр табиий газ қазиб олинган. 2025 йилнинг шу даврида бу кўрсаткич 32,3 млрд куб метр бўлган.
Демак, бир йилда газ қазиб олиш 5,3 млрд куб метрга ёки 16,4 фоизга қисқарган.
«Ўзбекнефтгаз» бош геологи Нодир Муҳиддинов 27 октябрдаги матбуот анжуманида йирик конлардаги захираларнинг 80 фоиздан ортиғи тугаганини, янги қудуқлардан олинаётган газ эса мавжуд пасайишни тўлиқ қопламаётганини билдирган.
Компания 2026 йил якунида 22,8 млрд куб метр газ қазиб олишни режалаштирмоқда. Бу 2025 йилдаги 25,2 млрд куб метрдан 9,5 фоизга кам.
Газ қаердан олиб келинмоқда?
Ўзбекистон газни асосан Россия ва Туркманистондан импорт қилади. Экспортнинг асосий йўналиши эса Хитой ҳисобланади.
Мамлакат 2026 йил бошидан газ экспортини қисқартирган бўлса-да, хориждан газ харид қилиш ҳажмини пул ифодасида сезиларли оширган.
Шундай қилиб, Ўзбекистонда бир вақтнинг ўзида учта тенденция кузатилмоқда. Ички газ қазиб олиш камаймоқда, импорт учун харажатлар ошиб бормоқда ва экспортдан тушум қисқармоқда.




