2025 йилда Ҳиндистон ва Покистон ўртасида можаро чиқиши эҳтимоли фақат Жанубий Осиё учун эмас, балки Марказий Осиё, айниқса Ўзбекистон учун ҳам жиддий хавф солади. Бу можаро минтақавий савдо йўналишларини бузиши, хавфсизлик муаммоларини кучайтириши ва йирик геосиёсий давлатларнинг — Хитой, Россия ва АҚШнинг — Марказий Осиёдаги рақобатини янада кучайтириши мумкин.
Ўзбекистон учун стратегик хавфлар
Савдо йўлларининг бузилиши
Ўзбекистон ташқи савдоси учун муҳим бўлган йўналишлар — айниқса Транс-Афғонистон темир йўли ва CASA-1000 каби инфратузилма лойиҳалари — можаро сабаб кечиктирилиши ёки тўхтатилиши мумкин. Покистон орқали Ўзбекистон товарлари Ҳинд океани портларига чиқиш имконига эга бўлади. 2024 йилда Покистон ва Қозоғистон ўртасида имзоланган транзит савдо келишуви Ўзбекистон учун ҳам истиқболли ҳисобланади. Аммо уруш бундай лойиҳаларга суғурта харажатлари, логистикадаги узилишлар ва хавфсизлик муаммолари туфайли тўсиқ бўлади.
Tерроризм хавфи
Покистон-Ҳиндистон урушининг хавфли оқибатларидан бири — радикал гуруҳларнинг фаоллашуви. Афғонистон билан яқин чегарада жойлашган Тожикистон орқали Ўзбекистонга терроризм хавфи сира юқмаслиги мумкин эмас. Исломий ҳаракатлар, жумладан Исломий Ҳаракати Ўзбекистон (ИҲЎ), ва Исломий Давлат – Хуросон гуруҳи (ИД-Х) можародан фойдаланиб, Марказий Осиёдаги ёшларни радикаллаштириш учун имконият қидиради.
Ядровий хавф ва қишлоқ хўжалигига таъсир
Ҳиндистон ва Покистон ҳар бири 150–200 ядровий қуролга эга. Агар уруш ядровий даражага етса, бу нафақат минтақавий, балки глобал иқлим ўзгаришига сабаб бўлиши мумкин. Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги ялпи ички маҳсулотнинг тахминан 25 фоизини ташкил этади ва ишчи кучи сонининг чорак қисми ушбу секторда банд. Ядровий уруш оқибатидаги иқлим ўзгариши уруғлар етишига, сув ресурсларига ва экспортга жиддий салбий таъсир кўрсатади.
Сиёсий ва иқтисодий босимлар
Хитой ва Россия Ўзбекистондаги таъсирини мустаҳкамлашга уриниши мумкин. Хитой – Покистоннинг стратегик ҳамкори сифатида ўзининг “Бир макон -бир йўл” лойиҳаларини ҳимоя қилиш учун минтақадаги иштироқини кучайтириши мумкин. 2023 йилда Хитой ва Марказий Осиё ўртасидаги савдо ҳажми $89 миллиардни ташкил этди, шундан $60 миллиардини Хитой экспорт қилиб берди.
Шу билан бирга, Россия Ҳиндистоннинг асосий қурол етказиб берувчиси ҳисобланади (сўнгги 20 йилда $60 миллиардлик қурол сотилган). Россиянинг Марказий Осиёдаги тарихий таъсири ва КХШТ доирасидаги ролини инобатга олсак, Москва можародан фойдаланиб ўз хавфсизлик структураларини кучайтириши мумкин.
АҚШнинг эҳтимолий иштирокини кучайтириши
Ўзбекистон ва Қозоғистон минтақанинг асосий иқтисодига эга давлатлар сифатида АҚШнинг иқтисодий ва ҳарбий ёрдамини жалб этиши мумкин. АҚШ бу орқали Хитой ва Россияга қарши таъсирини мустаҳкамламоқчи бўлиши мумкин.
Ўзбекистоннинг геосиёсий мувозанати
Ўзбекистон Ҳиндистон билан ҳам, Покистон билан ҳам мувозанатли сиёсат юритиб келмоқда. Ўзбекистон Ҳиндистондан юқори қийматдаги дори-дармонларни импорт қилади, ҳамда атом энергетикаси учун зарур бўлган уранни экспорт қилади. Ҳиндистон – юқори технологияга эга, катта бозорга эга давлат. Покистон эса асосан озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб беради.
Агар можаро кенгайса, Ўзбекистон эҳтимолан ҳар қандай иқтисодий урушда иштирок этмасликка ҳаракат қилади. Шу билан бирга, логистика лойиҳаларининг ёпилиши ёки кечикиши мамлакатнинг экспорт салоҳиятига жиддий таъсир кўрсатади.
Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги уруш Ўзбекистон учун иқтисодий, хавфсизлик ва сиёсий хавфларни юзага келтиради. Мамлакатнинг Афғонистонга яқинлиги, савдо ва инфратузилма лойиҳаларига боғлиқлиги, ҳамда ядровий қурол ишлатилиши эҳтимоли – барчаси Ўзбекистонни бефарқ қолдира олмайди.




