Ўзбекистон атрофидаги ҳарбий-техник муҳит тез ўзгармоқда. Энди Тожикистон ва Туркманистон Ҳиндистоннинг Akash ҳаво мудофаа ракетаси тизимини олгани маълум бўлди. Бу Марказий Осиёда қурол-яроғ етказиб берувчилар доираси кенгайиб, Россиядан ташқари Хитой, Туркия ва энди Ҳиндистон каби давлатларнинг роли ошиб бораётганини кўрсатади.
Ҳиндистон мудофаа котиби Ражеш Кумар Сингх ANI агентлигига берган интервьюсида “Акаш”нинг биринчи хорижий харидори Арманистон бўлганини, кейинчалик тизим Тожикистон ва Туркманистонга ҳам экспорт қилинганини тасдиқлади. Times of India бу орқали Ҳиндистон Марказий Осиё мудофаа бозорида ўз иштирокини кенгайтираётганини қайд этмоқда.
Ўзбекистон армияси тарихан совет ва Россия платформаларига таяниб келган. Аммо кейинги йилларда мамлакатнинг ҳарбий-техник ҳамкорлик географияси анча кенгайди.
Энг кўп муҳокама қилинган янгиликлардан бири — Ўзбекистоннинг Хитойнинг J-10CE кўп мақсадли қирувчи самолётларига қизиқиши бўлди. 2026 йил ёзида бир қатор ихтисослашган хорижий манбалар ва мудофаа вазирлиги Ўзбекистонга J-10CE самолётлари етказилгани ҳақида хабар тарқатди. Ўзбекистон мудофаа вазирлиги ҳам давлат томонидан сотиб олинган J-10CE самолётларини намойиш этди.
Ўзбекистон энди фақат харидор эмас
Яна бир муҳим ўзгариш — Ўзбекистон ўз мудофаа саноатини ҳам фаол ривожлантиряпти.
2026 йил сентябрда Ўзбекистон Жанубий Африкадаги Africa Aerospace and Defence 2026 кўргазмасида Марказий Осиёдан ягона давлат сифатида қатнашди. Миллий стендда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган мудофаа маҳсулотлари, ўқ-дорилар, ҳарбий анжомлар, авиация воситалари, дронлар ва антидрон тизимлари намойиш этилди.
Бу жуда муҳим тенденция: Ўзбекистон энди қурол ва ҳарбий техника бозорида фақат импортчи сифатида эмас, маҳаллий ишлаб чиқарувчи ва эҳтимолий экспортчи сифатида ҳам ўзини кўрсатишга уринмоқда.
Мудофаа вазирлигининг 2025 йилги маълумотида мамлакат мудофаа саноати корхоналари қарийб 50 давлат билан ҳамкорлик ўрнатгани, 30 дан ортиқ хорижий компания билан шартномалар имзолангани ва маҳаллий маҳсулотлар тури 155 тага етгани айтилган эди.
2026 йилда эса Мудофаа саноати агентлиги маҳаллий илмий муассасалар билан янги технологиялар ва ишланмаларни ишлаб чиқаришга жорий этиш бўйича ҳамкорликни кучайтиришга киришган.
Дрон ва антидрон — янги устувор йўналиш
Ҳозирги ҳарбий можаролар кўрсатган асосий тенденциялардан бири — нисбатан арзон дронлар катта қийматдаги ҳарбий объектларга жиддий хавф туғдириши мумкин.
Ўзбекистоннинг AAD 2026 кўргазмасида дрон ва антидрон тизимларини алоҳида намойиш этгани ҳам шу йўналишга эътибор кучайганини кўрсатади.
Шу нуқтаи назардан қараганда, Тожикистон ва Туркманистоннинг “Акаш” каби ҳаво мудофаа тизимларини харид қилиши Ўзбекистон учун ҳам аҳамиятли.
Чунки замонавий ҳаво мудофааси энди фақат қирувчи самолёт ёки катта ракеталардан ҳимоя эмас. У дронлар, қанотли ракеталар ва бошқа паст баландликда ҳаракатланувчи нишонларга қарши кўп қатламли тизимни талаб қилади.
«Акаш»нинг ўзи нима беради?
Akash — Ҳиндистонда ишлаб чиқилган қисқа масофали “ер-ҳаво” ракетаси тизими.
Times of India маълумотига кўра, тизим ҳаводаги бир нечта нишонни бир вақтда кузатиш ва уларга зарба бериш имкониятига эга. Асосий версиясининг ҳаракат масофаси 4,5–25 километр, нишон баландлиги эса 100 метрдан 20 километргача. Тизим Ҳиндистон қуруқлик қўшинлари ва ҳаво кучларида қўлланади.
Тожикистон ва Туркманистонга айнан қанча батарея етказилгани, шартнома қиймати ва қайси модификация сотилгани очиқланмаган.




