Адвокат суд мустақиллиги бўйича очиқ саволларни ўртага ташлади
Ўзбекистон Жиноят амалиётда судьяларга босим ўтказиш воситасига айланиб қолиш хавфи борми? Адвокат Абдумалик Абдуллаев айнан шу саволни жамоатчилик муҳокамасига олиб чиқди.
Тошкент шаҳар судининг собиқ судьяси Муҳтарама Турғунова ва бошқа судьяларга нисбатан юритилаётган жиноят иши материалларини ўрганиш жараёнида адвокат Абдумалик Абдуллаев Жиноят кодексининг 231-моддаси қўлланилиши юзасидан бир қатор ҳуқуқий саволларни кўтарди.
Унинг таъкидлашича, сўнгги кунларда мазкур модда асосида жиноий жавобгарликка тортилган судьяларга оид суд қарорлари таҳлил қилинмоқда. Бу эса қонуннинг амалда қандай ишлаётгани ҳақида кенгроқ муҳокама қилиш заруратини кўрсатмоқда.
Адвокатнинг фикрича, юқори инстанция суди томонидан қарорнинг бекор қилиниши ёки ўзгартирилиши автоматик равишда судья жиноят содир этганини англатмайди. Агар ҳар бир бекор қилинган қарор судья учун жиноий таъқиб хавфини келтириб чиқарса, у қарорни қонун ва ички ишончи асосида эмас, балки келажакда ўзига нисбатан қандай чора кўрилиши мумкинлигини ўйлаб қабул қилиши мумкин.
Бу эса суд мустақиллиги принципига таъсир кўрсатиши мумкинлиги ҳақида хавотирларни кучайтиради.
Президент фармонида ҳам ушбу масала кўтарилган
Абдуллаевнинг эслатишича, Президентнинг 2025 йил 24 ноябрда қабул қилинган ПФ–227-сонли фармони билан Судьялар олий кенгаши, Олий суд ва Бош прокуратурага уч ой муддат ичида Жиноят кодексининг 231-моддасини суд мустақиллигига оид халқаро стандартлар асосида қайта кўриб чиқиш бўйича таҳлилий маълумотнома тайёрлаш вазифаси юклатилган.
Адвокатнинг қайд этишича, мазкур муддат тугаганига қарамай, ушбу таҳлилнинг натижалари жамоатчиликка эълон қилинмаган.
Шу муносабат билан у қатор саволларни ўртага ташлайди:
231-модда бўйича қандай таҳлил ўтказилди?
Судьялар олий кенгаши, Олий суд ва Бош прокуратура қандай хулосага келди?
Суд мустақиллигига оид халқаро стандартлар асосида қандай таклифлар ишлаб чиқилди?
Нега ушбу ҳужжатлар ҳуқуқшунослар ва жамоатчилик учун очиқ эълон қилинмади?
OECD мониторинги доирасида ҳам баҳоланганми?
Абдуллаев яна бир муҳим жиҳатга ҳам эътибор қаратади.
Унинг таъкидлашича, айни пайтда Ўзбекистонда Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (ИҲТТ)нинг Шарқий Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари учун Аксилкоррупция тармоғи доирасидаги Истанбул ҳаракатлар режасининг бешинчи давра мониторинги ўтказилмоқда.
Адвокат мазкур мониторинг жараёнида 231-модданинг амалиёти ва унинг суд мустақиллигига таъсири ҳақида халқаро экспертларга қандай ахборот тақдим этилгани ҳам жамоатчилик учун маълум эмаслигини қайд этади.
Унинг фикрича, суд мустақиллиги каби муҳим масалалар нафақат халқаро экспертлар, балки мамлакат судьялари, адвокатлари, прокурорлари, олимлари ва бутун жамият иштирокида ҳам очиқ муҳокама қилиниши лозим.
«Судья ҳам жавобгар, аммо…»
Абдуллаев судьялар умуман жавобгар бўлмаслиги керак, деган фикрни илгари сурмаётганини таъкидлайди.
Унинг фикрича, судья қасддан қонунни бузган бўлса, албатта жавоб бериши лозим. Бироқ у мустақил ҳуқуқий позиция билдиргани, далилларга бошқача баҳо бергани ёки кейинчалик юқори суд бошқача хулосага келгани учун жиноий таъқиб қилинмаслиги керак.
Адвокатнинг фикрича, агар судья қарор қабул қилишда қонун эмас, балки эҳтимолий жавобгарликдан қўрқишни биринчи ўринга қўядиган бўлса, бу ҳолат суд мустақиллиги тамойилига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Ҳозирча Абдуллаев томонидан кўтарилган саволларга Судьялар олий кенгаши, Олий суд ёки Бош прокуратура расмий муносабат билдирмаган.




