Сибир дарёларини Марказий Осиёга “буриб юбориш” лойиҳаси муҳокамадан ўтмоқда. Бу ғояни Россия Фанлар академиясида муҳокама қилишни бошлашган. Аммо Афғонистон «Қўш-Тепа» каналини тўлиқ қувватда ишга туширгандан кейин (гигант ирригация канали қурилиши 2022 йил мартда бошланган), Туркманистон ва Ўзбекистоннинг ғарбий ҳудудлари деярли сувсиз қолиши мумкин. Бу ҳақда Inbusiness.kz хабар берди.
Канал Амударё сувининг 15 фоиздан зиёдини олиб, Афғонистоннинг 550 минг гектар қуруқ ерларини суғоришга йўналтиради. Биринчи қисм (108 км) 2023 йилда ишга туширилган. Иккинчи босқич қурилиши фаол давом этмоқда ва якунланиш арафасида.
Қўш-Тепа қурилиши ҳозирнинг ўзида Марказий Осиёда сув танқислиги муаммосини кучайтирган.
Тошкентдаги Плеханов номидаги Россия Иқтисодиёт университети филиали доценти, фалсафа фанлари номзоди Равшан Назаровнинг айтишича, агар Россия Марказий Осиёга сув масаласида ёрдам қилмаса, минтақани оммавий миграция кутмоқда.
«Кўпчилик Сибир дарёларини Марказий Осиёга ўтказиш лойиҳасини ёки амалга ошмас, ёки жуда қиммат деб ҳисоблайди. Лекин инсон ҳаёти ва давлатни сақлаб қолишдан қимматроқ нима бор? Бугун Марказий Осиёда 80 миллион киши яшайди ва аҳоли ўсишда. Яқин йилларда бу рақам 100 миллионга етади. Агар Россия Сибир сувлари билан ўртоқлашмаса, уни 100 миллион қочоқ босиб келади», дейди у.
БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO) маълумотларига кўра, минтақадаги энг катта сув истеъмолчиси — 7 миллион аҳолиси бўлган Туркманистон бўлиб, у йилига 53 куб километр сув сарфлайди (бу Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг умумий истеъмолидан ҳам кўп).
Бунга сабаб Туркманистонда ирригация ва гидроиншоотлар жуда эски, сув чиқиб кетиш даражаси юқори, каналлар асосан бетонланмаган, буғланиш катта. Қирғизистонда сув муаммолари 2020 йилдан бери кузатилмоқда.
«Сибир дарёларини Қозоғистон орқали Марказий Осиёга йўналтириш барча республикалар учун фойдали бўлиши мумкин», деб ёзилган мақолада.




