Британия гиганти Ўзбекистон нефтгаз лойиҳасига қўшилди
“Ўзбекнефтгаз”, Озарбайжоннинг SOCAR компанияси ва Буюк Британиянинг British Petroleum компанияси Ўзбекистонда йирик лойиҳани амалга оширишга киришди.
Келишув Бойтерак, Теренгқудуқ, Бирқори, Ҳарой, Қорақалпоқ ва Қулбой инвестиция блокларини қамраб олади.
Ҳужжатга кўра, лойиҳада BP улуши 40 фоизни, SOCAR ва “Ўзбекнефтгаз” улуши эса 30 фоиздан ташкил этади.
Ҳозирда лойиҳа биринчи босқичда бўлиб, SOCAR оператор сифатида сейсмик қидирув ишларини олиб бормоқда.
“Ўзбекистон нефт ва гази — 2026” халқаро анжумани доирасида “Ўзбекнефтгаз” АЖ бошқарув раиси Абдуғани Сангинов, SOCAR президенти Ровшан Нажаф ва BP компаниясининг Озарбайжон, Грузия ҳамда Туркия бўйича минтақавий президенти Жованни Кристофоли иштирокида уч томонлама учрашув давомида лойиҳанинг истиқболи ҳақида сўз борган.
Жумладан, геология-қидирув ишларини амалга ошириш, янги конларни ўзлаштириш ва истиқболда углеводород қазиб олиш масалалари муҳокама қилинган.
Абдуғани Сангинов BP каби йирик халқаро компаниянинг лойиҳага қўшилиши Ўзбекистон нефт-газ соҳасига бўлган ишончни кўрсатишини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, ҳамкорлик замонавий технологиялар, илғор геологик қидирув тажрибаси ва инвестицияларни жалб этишга хизмат қилади.
“Ўзбекистон улкан ресурс салоҳиятига эга мамлакат. Ушбу ҳамкорлик нефт-газ ресурсларини қидириш ва ўзлаштириш ишларини янги босқичга олиб чиқади”, — деган BP минтақавий президенти Жованни Кристофоли.
Шартномани Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов, “Ўзбекнефтгаз” раҳбари Абдуғани Сангинов, SOCAR президенти Ровшан Нажаф ва BP минтақавий президенти Жованни Кристофоли томонидан имзоланган.
BP’нинг Ўзбекистонда аввал ҳам айрим лойиҳалари ва музокаралари бўлган. Хусусан, компания 2018–2019 йилларда “Ўзбекнефтгаз” билан бирга Устюртдаги нефть-газ конларини ўрганиш ишларида қатнашгани ҳақида хабарлар чиққан эди.
Шунингдек, BP Ўзбекистонда Castrol мойларини ишлаб чиқариш лойиҳасига қизиқиш билдиргани ҳам айтилган.
Бироқ ҳозирги келишув BP’нинг Ўзбекистондаги энг йирик ва расмий иштирокларидан бири ҳисобланмоқда. Компания 2021 йилда “яшил энергетика” стратегияси доирасида минтақадаги айрим қидирув ишларидан чиққан, энди эса яна анъанавий нефть-газ лойиҳаларига қайтмоқда.




