Чегарадан тортиб поликлиникаларгача. Президент администрацияси раҳбари Ургут туманининг ривожланиши ва қишлоқ инфратузилмасининг ҳақиқий ҳолатини баҳолади.
Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Самарқанд вилоятининг Ургут туманига ташриф буюриб, ҳудудий лойиҳаларнинг амалга оширилиши ҳамда ижтимоий соҳа ҳолатини ўрганди. Сафар давомида йирик иқтисодий ташаббуслар билан бир қаторда қишлоқ жойларда соғлиқни сақлаш тизимининг фаолиятига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, диагностика марказида кунига 200 нафар беморга хизмат кўрсатиш, савдо марказида эса 800 нафар тадбиркор фаолияти учун шароит яратиш кўзда тутилган. Таъкидланишича, лойиҳа амалга оширилса, Тожикистон фуқаролари паспорт назорати, ортиқча ҳужжатлар ва узоқ навбатларсиз савдо ҳамда тиббий хизматлардан фойдаланиш имконига эга бўлади. Бу эса чегараолди ҳудудларда қулайликни ошириб, иқтисодий алоқаларни кучайтиради.
Ургутнинг сув таъминоти тизимидаги муаммолар ҳам алоҳида эътиборда бўлди. Туманда минглаб гектар ер майдонлари барқарор суғориш билан таъминланмаган, эскирган насос стансиялари сабаб сув йўқотишлари юқори экани қайд этилди. Айрим ҳудудларда сув танқислиги ҳосилдорликка салбий таъсир кўрсатиб, қишлоқ хўжалигининг экспорт салоҳиятини чеклаб келмоқда. Янги лойиҳалар доирасида 10 минг гектардан ортиқ ер майдони барқарор суғоришга ўтказилиши, насос стансиялари реконструкция қилиниши, кичик сув омборлари қурилиши ва энергия тежамкор технологиялар жорий этилиши режалаштирилган.

Бундан ташқари, Саида Мирзиёева Ургутнинг чекка қишлоқларидан биридаги 1972-йилда қурилган “Навоий” поликлиникасини кўздан кечирди. Муассаса капитал таъмир, янги стандартлар ва тиббий хизматлар сифатини оширишга муҳтож экани таъкидланди. Поликлиника 13 мингдан ортиқ аҳолига бирламчи тиббий ёрдам кўрсатади, 16 та қишлоқ аҳолиси учун эса туғруқни қабул қиладиган энг яқин ва амалда ягона тиббиёт маскани ҳисобланади. Юклама катта, шароитлар эса чекланган экани қайд этилди.

Таъкидланишича, бу ҳолат фақат битта муассаса муаммоси эмас, балки бирламчи тиббий-санитария тизимидаги кенгроқ масалаларнинг аксидир. Олдинда диагностика ва даволаш стандартларини такомиллаштириш, кадрлар салоҳиятини кучайтириш вазифалари турибди.

Мутахассислар билан биргаликда вилоят соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш бўйича янги мастер-режа батафсил кўриб чиқилди. Қайд этилишича, жараён фақат биноларни таъмирлаш билан чекланмай, бирламчи тиббий хизматга ёндашувни тубдан қайта кўриб чиқишни ҳам назарда тутади. Шунингдек, соғлиқни сақлашдаги муаммоларни фақат ҳисобот ва ҳужжатлар асосида баҳолаб бўлмаслиги, реал вазиятни жойларга чиқиб кўриш муҳимлиги яна бир бор урғуланди.




