Рас Танура — қиролликнинг энг йирик ва стратегик аҳамиятга эга нефть объектларидан бири. У Saudi Aramco’нинг асосий қайта ишлаш ва экспорт марказларидан саналади. Бу ердаги ҳар қандай узилиш нафақат миллий, балки глобал энергетика бозорига таъсир қилади.
Хабарларга кўра, ҳужумдан сўнг объект фаолияти вақтинча тўхтатилган, қайта ишлаш мажмуасида ёнғин юзага келган. Расмийлар ёнғин бартараф этилгани ва жабрланувчилар йўқлигини маълум қилди.
Рас Танурага ҳужум — глобал энергия барқарорлигигатаъсир қилмай қолмайди.
Сўнгги йилларда Форс кўрфази нефть инфратузилмаси асимметрик уруш воситалари учун нишонга айланди. Арзон, мобил ва аниқ дронлар орқали амалга ошириладиган зарбалар анъанавий мудофаа тизимларини синовдан ўтказмоқда. Энергетика объектлари энди иқтисодий эмас, ҳарбий-сиёсий босим воситасига айланмоқда.
Ҳатто ишлаб чиқариш тезда тикланса ҳам, бозорлар фақат воқеликка эмас, хавф даражасига реакция қилади. Ҳар бир шундай ҳужум нефть нархига “хавф”ни қўшади, суғурта харажатларини оширади ва сармоядорлар ишончини пасайтиради.
Агар стратегик энергетика объектларига зарбалар одатий ҳолга айланса, Форс кўрфазининг ишончли энергия манбаи сифатидаги нуфузи узоқ муддатли босим остида қолиши мумкин.
Яқин Шарқ ҳозир кўп қатламли геосиёсий қарама-қаршиликларни бошдан кечирмоқда: Эрон–Кўрфаз рақобати, Қизил денгиз хавфсизлиги, прокси тўқнашувлар, янги иттифоқлар. Бундай шароитда энергетика объектлари стратегик босим нуқтасига айланиши табиий.
Саудия Арабистони илгариги ҳужумлардан сўнг нефть объектларини ҳимоя қилишга катта сармоя киритган эди. Агар Рас Танура шунга қарамай нишонга олинган бўлса, бу дрон технологиялари ва ҳаво мудофааси самарадорлиги бўйича жиддий саволларни кун тартибига олиб чиқади.
Бу воқеа глобал энергетика тизимининг тузилмавий заифлигини кўрсатади. Йирик ва марказлашган объектлар — замонавий асимметрик уруш шароитида юқори хавф остида.
Нефть нархига боғлиқ иқтисодиётлар, жумладан Марказий Осиё давлатлари ҳам бундай воқеаларни диққат билан кузатади. Чунки Форс кўрфазидаги ҳар бир беқарорлик — нарх, логистика ва минтақавий хавфсизлик ҳисоб-китобларига таъсир қилади.




