Ўзбекистонда автомобил ютиб олаётган китобхонларга кўз ожизлар ҳам ҳавасда. Чунки, автомобил у ёқда турсин уларда брайл китобларининг ўзи ҳам етарли эмас.

24 ёшли Ильёсбекнинг кўзлари ожиз. Аммо у ҳар куни компьютер олдига ўтиради. Мониторга эмас, қулоқларига ишонади. NVDA дастури ҳар бир сўзни унга овоз чиқариб ўқийди, Ильёсбек эса шу овозлар орқали Брaйл китобларини чоп этади.
Лекин унинг даромади бир китоб буюртмаларига боғлиқ. Агар давлат буюртмаси бўлса, ойлик ҳам бўлади. Агар буюртма бўлмаса, Ильёсбекнинг ҳам маоши бўлмайди. 2024 йилдан бери эса унинг иш жойида давлат буюртмалари йўқ.

Ясмина ҳам бу дунёни кўзлари билан эмас, бармоқлари билан ҳис қилади. У Брaйл ҳарфларини бирма-бир текшириб, китобларни таҳрир қилади. Унинг орзуси — ўзи каби кўзи ожиз болалар ва ёшлар Брaйл китоблари орқали билим олиши, адабиёт оламини кашф қилиши. Аммо, мутахассиснинг айтишича Республика бўйича кўзи ожизларнинг мактаб интернетларида брайл китоблари етишмайди.
Шунингдек, бугун Ясмина ишлаётган босмахона буюртмалар камайгани сабаб тўлиқ қувватда ишламаяпти.
Ўзбекистонда китобхонликни тарғиб қилишга катта эътибор қаратилмоқда, китоб ўқиганлар рағбатлантирилмоқда. Аммо кўзи ожиз китобхонлар учун энг зарур нарса — Брaйл китобларининг ўзи етишмаяпти.
Uzdiplomat Республика Кўзи ожизлар жамиятига қарашли «Dizayn Print» босмахонасида бўлиб, кўзи ожизлар учун китоблар қандай яратилаётгани ва нега уларни чоп этадиган корхона бугун буюртмаларсиз қолаётганини ўрганди.

Улар учун китоб — шунчаки мутолаа воситаси эмас. Брaйл алифбосидаги китоб савод чиқариш, мустақил ўқиш ва ёзишни ўрганишнинг асосий қуролидир. Аммо бугун айнан шундай китобларни чоп этадиган корхоналарнинг ўзи буюртмасиз қолмоқда.
“Босмахонада 40 дан ортиқ ходим меҳнат қилади. Уларнинг аксарияти кўзи ожиз ёки заиф кўрувчи шахслардир. Бу ерда Брaйл ёзувидаги китоблар, дарсликлар, дафтарлар ва бошқа махсус маҳсулотлар тайёрланади. Корхона Марказий Осиёдаги саноқли замонавий Брaйл принтерларидан бири — Норвегияда ишлаб чиқарилган Braillo SV 650 ускунаси билан жиҳозланган”, дейди босмахонанинг брайл бўйича мутахассиси Ўлмасбек Обидов.

Унинг айтишича, 160–170 бетли Брaйл китоби бир соатда чоп этилади. Аммо унинг тайёр маҳсулотга айланиши учун камида олти-етти нафар ходим меҳнат қилади. Матн аввал муҳаррир томонидан тайёрланади, кейин мусаҳҳиҳ ва корректор текширувидан ўтади. Шундан сўнг чоп этиш, саҳифалаш, йиғиш ва муқовалаш ишлари бажарилади. Босмахонада бу ишларнинг бари кўзи тўлтқ ожиз ва заиф кўрувчилар меҳнати ёрдамида тайёрланади.
24 ёшли Ильёсбек уч йилдан буён шу ерда чоп этувчи бўлиб ишлайди.
«Бизда ойлик ишбай. Агар буюртма кўп бўлса, ўртача олти миллион сўм атрофида даромад бўлади. Лекин бир ой умуман иш бўлмаса, ойлик ҳам бўлмайди», — дейди у.
Корхонада кўзи ожиз ходимлар махсус NVDA овозли дастури ва Брaйл дисплейлари орқали компьютерда мустақил ишлайди. Улар Word ҳужжатларини Брaйл ёзувига ўгириш, таҳрир қилиш ва чоп этиш жараёнларини ўзлари бажаради.
Яъни муаммо технологияда эмас. Муаммо буюртмаларда.Яъни, Ўлмасбекнинг айтишича 2024 йилдан бери бочмахона давлат ҳаридларида шартнома юта олмаган.
Корхона раҳбариятининг таъкидлашича, 2021 йил 25 декабрда қабул қилинган ПҚ-75-сонли қарор асосида улар давлат ташкилотлари билан тўғридан-тўғри шартнома тузиш имкониятига эга бўлган. Бу даврда иш ҳажми ҳам, ходимларнинг даромади ҳам барқарор бўлган.
Аммо мазкур тартиб амал қилиш муддати тугагач, вазият ўзгарган.
Босмахона маълумотига кўра, 2023–2024 йиллардан буён давлат харидлари орқали деярли ҳеч қандай буюртма келмаган. Бунинг оқибатида иш ҳажми қисқарган, айрим ходимлар эса мажбурий таътилга чиқарилган.
Бу ердаги муаммо фақат ишсизлик эмас.
Ўлмасбек яна бир оғриқли масалани кўтармоқда. Бугун республикадаги 17 та «Нурли маскан» мактаб-интернатида таҳсил олаётган кўзи ожиз болалар учун Брaйл ёзувидаги бадиий адабиётлар етарли эмас.
«Аудиокитоблар бор. Лекин аудиокитоб Брaйл китобининг ўрнини босмайди. Аудиокитоб эшиттиради, Брaйл эса ўқишни ўргатади. Боланинг саводхонлиги ҳарфни бармоғи билан ҳис қилиб ўқиши орқали шаклланади», — дейди босмахона мутахассиси Ўлмасбек Обидов. Ҳозирда босмахонада хитойлик ёзувчи Юй Хуанинг «Яшамоқ» романи Брaйл ёзувида уч жилд қилиб тайёрланмоқда. Аммо бундай китоблар кўпайиши учун буюртма керак.
Корхона вакиллари таъкидлашича, уларда ишлаб чиқариш қуввати ҳам, замонавий ускуналар ҳам, малакали мутахассислар ҳам етарли. Аммо давлатнинг тегишли ташкилоти томонидан брайл китоблари буюртмаси йўқ.
Ильёсбек ҳар куни Брaйл китобларини чоп этишга тайёр ҳолда иш жойига келади. Ясмина эса бармоқлари билан ҳар бир нуқтани текшириб, китобларни таҳрир қилади. Улар ишлашни, кўзи ожизларга китоб етказишни истайди, бироқ…




