ЮНИСЕФ ташкилоти ёш болаларнинг етарли миқдорда овқатланмаслиги билан боғлиқ масалалар таҳлилига бағишланган ҳисоботини эълон қилди. Бундай муаммога эга мамлакатлар 63 та бўлиб, уларнинг қаторида Ўзбекистон ҳам бор.
Ана шундай ҳисобот эълон қилиниши арафасида Андижон ҳокимлиги юз минглаб доллар олиб тадбирларга қатнашадиган юлдузларни чақирмоқда.
Жорий йилнинг июль ойида Андижон вилоятида “Дунё садолари” фестивали ўтказилиши режалаштирилган. Бу ҳақида вилоят ҳокимлиги хабар қилди.
Унга кўра, фестивалда Модерн Талькинг, Питбул, Инна, Камелиа, Сеан Паул, Эминем, 50 cэнт, Таркан, Мустафа Сандал, Араш, Шоҳруҳ Хон каби катта гонорарга тадбирларда қатнашувчи жаҳон юлдузлари иштирок этиши айтилган.
Uzdiplomat.uz мухбири Андижон вилояти ҳокимлиги Ахборот хизматлари билан боғланганида Фестиваль доирасидаги тадбирлар харажати энди шакллантирилаётгани айтди.
“Санаб ўтилган дунё юлдузлари билан шартнома қисман охирига етмаганлиги учун аниқ сумма мавжуд эмас. Бу рўйхатдаги барча санъаткорлар аниқ келади деб айтилмаган. Келиши кутилмоқда. Тузилаётган шартнома икки томонга ҳам лойиқ бўлса иштирок этади”,
деди Ахборот хизматлари бўлими ходими Муслимбек Иброҳимов.
Агар шартномалар якунланса яқин кунларда ҳокимлик матбуот анжумани ташкил қилиб харажатлар бўйича маълумотлар жамоатчиликка очиқланишини айтди. Ҳали шартномалар аниқ бўлмасада, эълонларда аниқ номларни кўриш мумкин.
Юқорида айтилган санъаткорларнинг ҳар бири битта тадбирда иштирок этиш учун сўрайдиган нархини uzdiplomat.uz мухбири ўрганиб чиқди. Уларнинг энг қиммати 2 ярим миллион бўлса, энг кам гонорар оладигани 20 минг доллардан иборат:
EMINEM 2 500 000 $
Tarkan 150 000 $
Pitbull 300 000 $
50 Cent 400 000 $
Camila Cabello 250 000
PSY 150 000 $
Sean Paul 100 000 $
Inna 20 000 €
Sia 300 000 $
Arash 25 000 €
Шоҳрух Хон 300 минг долларгача пул сўрайди.
Маълумот учун, Ўзбекистоннинг 2024 йил 1 январь ҳолатига кўра ташқи қарзи 34,9 млрд АҚШ долларига етган. Биринчи чоракдаги давлат бюджети тақчиллиги эса 17,7 трлн сўм бўлган.