Россия дизель ёқилғиси, кема ёқилғиси ва газойл экспортига вақтинчалик тақиқни бутун бозорга татбиқ қилди.
Чеклов энди нафақат воситачилар, балки нефт маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларига ҳам тааллуқли. Қарор 8 июль куни имзоланган ва 2026 йил 31 июлгача амал қилади. Москва буни ички ёқилғи бозоридаги вазиятни барқарорлаштириш зарурати билан изоҳламоқда.
Расман тақиқ халқаро ҳукуматлараро келишувлари доирасидаги етказиб беришларга татбиқ этилмайди. Шу боис Ўзбекистонга аввалдан келишилган каналлар орқали ёқилғи етказиб бериш давом этиши мумкин. Россиянинг бензин ва авиакеросин экспорти бўйича аввалги чекловлари ҳам Ўзбекистонга таъсир қилмаган, чунки икки давлат ўртасида ҳукуматлараро келишувлари мавжуд.
Бироқ бу Ўзбекистон бозорида хавф йўқ дегани эмас. Россиядаги ички тақчиллик, нефтни қайта ишлаш заводларидаги муаммолар ва экспорт чекловлари минтақавий нархларга босим бермоқда. Reuters хабарига кўра, Россиянинг айрим ҳудудларида АЁҚШларда навбатлар кузатилмоқда, ҳукумат эса июлда ёқилғи импортини бошлашини билдирган.
Россия дизель экспортининг денгиз орқали ҳажми июнда бир ой аввалгига нисбатан 39 фоизга қисқарган.
Ўзбекистонда нархлар ошганми?
Ҳа, лекин биржада
Ўзбекистонда ёқилғи нархлари Россиядаги сўнгги дизель тақиқидан олдин ҳам ўсишни бошлаган эди. Айниқса, АИ-92 бензинида кескин ўсиш кузатилган. 29 июнь куни Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасида АИ-92 бензинининг бир тоннаси 13,919 млн сўмга етган ва тарихий максимумни янгилаган. Июнь бошидан буён нарх 1,473 млн сўмга, яъни қарийб 11,8 фоизга ошган.
Нарх ўсиши фақат талаб билан эмас, таклиф қисқариши билан ҳам боғлиқ. 1 июнь куни биржага 3791 тонна АИ-92 чиқарилган бўлса, 23 июнга келиб бу кўрсаткич 1898 тоннагача камайган. 29 июнда таклиф 3123,2 тоннагача тикланган, аммо бу нархни пасайтирмаган.
АИ-92 нархи 30 июнда бироз пасайиб, 13,844 млн сўм бўлган, аммо барибир юқори даражада сақланган. Нашр Ўзбекистон ички эҳтиёжининг қарийб ярмини импорт бензин ҳисобига қоплаётганини қайд этган. 2026 йил январь–май ойларида Ўзбекистон 642 млн литр бензинни 373 млн долларга импорт қилган — бу ҳажм бўйича 84 фоиз, қиймат бўйича 85 фоиз ўсиш демакдир.
Дизель бўйича вазият қандай?
Дизельда ҳам босим бор. Апрель ойида биржада дизель нархи икки савдо кунида 17,5 фоизга ошиб, бир тоннаси 13,78 млн сўмдан 16,17 млн сўмга чиққан. Шу вақтда сотув ҳажми ҳам кескин камайган: 2 апрелда 12,4 минг тонна дизель сотилган бўлса, 6 апрелда бу кўрсаткич 2,7 минг тоннага тушган.
Июль бошида чакана бозорда ҳам ўсиш аломатлари бор, аммо нархлар АЁҚШлар кесимида бир хил эмас.
GlobalPetrolPrices ҳисоб-китобига кўра, Ўзбекистонда дизель нархи 29 июнда 13 142,9 сўм/литр, 6 июлда эса 13 623,1 сўм/литр бўлган. Бу бир ҳафтада тахминан 3,7 фоизлик ўсишни англатади.
Тошкентдаги АЁҚШлар кесимида эса манзара турлича. GoldenPages 6 июль ҳолатига TSB шохобчасида дизель нархини 12 600 сўм/литр, АИ-92 импорт бензинини 12 800 сўм/литр деб кўрсатган. 27 июнь ҳолатида айрим шохобчаларда дизель 12 500–13 700 сўм оралиғида бўлган. Бу чакана бозорда ягона нарх эмас, тармоқ ва жойлашувга қараб фарқ борлигини кўрсатади.
Импортга боғлиқлик хавфни кучайтиради
Ўзбекистон 2026 йил январь–май ойларида нефть ва нефть маҳсулотлари импорти учун 1 млрд доллардан ортиқ маблағ сарфлаган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 15 фоизга кўп. Шу жумладан, бензин импорти 373,4 млн доллар, дизель импорти эса 226,8 млн долларни ташкил этган.
Ички ишлаб чиқариш ҳам талабни тўлиқ ёпмаяпти. Миллий статистика қўмитаси маълумотига кўра, 2026 йил январь–май ойларида Ўзбекистонда 502,2 минг тонна бензин ва 476,4 минг тонна дизель ёқилғиси ишлаб чиқарилган.
Россиянинг дизель экспортига тақиқи Ўзбекистонга расман тўғридан-тўғри қўлланмаслиги мумкин. Аммо бозор аллақачон босим остида: АИ-92 биржада рекорд даражага чиққан, дизель баҳоси апрелда кескин кўтарилган, июль бошида эса чакана дизель бўйича ҳам ўсиш аломатлари бор.
Очиқ маълумотларда Ўзбекистоннинг Россиядан айнан қанча бензин ёки дизель олгани алоҳида кўрсатилмаган. Бироқ аввалги ҳукуматлараро келишувлар доирасида Россиядан нефть ва нефть маҳсулотлари етказиб бериш ҳажми йилига 1 млн тоннадан ошиши айтилган. Қиймат ҳисобида эса 2024 йилда Россиядан импорт қилинган минерал ёқилғи, нефть ва шу турдаги маҳсулотлар 4,15 млрд долларни ташкил этган. Бу Россиянинг Ўзбекистон ёқилғи бозоридаги ўрни сезиларли эканини кўрсатади.




