Адабиёт музейи кўчирилар экан, тарихий бино тақдири нима бўлади?
🎥 Музейдан тўлиқ репортаж
Тошкент марказида жойлашган Алишер Навоий номидаги Давлат адабиёт музейининг Янги Тошкентга кўчирилиши ҳақидаги расмий маълумот ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. Айниқса, музей жойлашган 1939 йилда қурилган тарихий бино, Чингиз Аҳмаров чизган ноёб деворий суратлар ҳамда минглаб қўлёзмалар тақдири ёзувчилар, олимлар ва маданият ихлосмандларини хавотирга солмоқда. Uzdiplomat ушбу саволларга жавоб излаб музейга борди.
Музей масаласида Президентга мурожаат қилган илк зиёлилардан бири — ёзувчи, журналист Шукр Жаббор бўлди. Унинг айтишича, мурожаатдан кейин музей ходимлари ва Фанлар академияси вакиллари у билан боғланиб, музей учун Янги Тошкентда алоҳида жой ажратилганини маълум қилган.
Аммо музей кўчса, унинг тарихи сақланадими? Ҳозирча расмийлар бу саволга аниқлик киритган эмас.
Музей директори, филология фанлари доктори Шаҳноза Назарованинг таъкидлашича, жамоатчиликда тарқалаётган “бино бузилади” деган хабарлар расмий тасдиғини топмаган.
Унинг сўзларига кўра, музей биноси давлатнинг маданий мерос объектлари рўйхатига киритилган бўлиб, ҳатто дераза ромларини алмаштириш учун ҳам махсус рухсат талаб қилинади.
Шу боис бинога оид ҳар қандай қарор Фанлар академияси, Маданий мерос агентлиги ва ҳукумат иштирокида қабул қилиниши мумкин.
❓Нега музей кўчирилмоқда?
Директорнинг айтишича, асосий муаммо бинода эмас, балки унинг ички техник имкониятларида.
Бугун музейда сақланаётган қўлёзмалар, тошбосма китоблар, архив ҳужжатлари ва ноёб асарлар халқаро талабларга жавоб берадиган ҳарорат, намлик ва хавфсизлик тизимларига муҳтож. Анча йиллардан буён музей томидан чакка ўтади.

Музейда қишда совуқ, ёзда иссиқ таъсирида ноёб картиналар ёрилишни бошлаган, қўлёзмаларни сақлаш учун зарур муҳит, шароит йўқ. Ёнғин хавфсизлиги ва кузатув тизимлари эскирган. Директорга кўра айнан
шу сабабли ҳам замонавий музей қуриш режалаштирилган.
Чингиз Аҳмаров асарлари нима бўлади?
Энг катта хавотирлардан бири музей деворларига ишланган машҳур рассом Чингиз Аҳмаров ва Темур Саъдуллаевнинг монументал асарлари билан боғлиқ.
Музей директори Шаҳноза Назарованинг маълум қилишича, бу масала Вазирлар Маҳкамасининг махсус фармойиши асосида ҳал этилади.
Бадиий академия, Фанлар академияси ва бошқа мутахассислар иштирокида комиссия тузилади. Агар асарларни девордан махсус технология орқали ажратиб олиш мумкин бўлса, улар эҳтиёткорлик билан кўчирилади.
Бу хавфли деб топилса, улар девор билан бирга муҳофаза қилиниб, реконструкция вақтида махсус ҳимоя остида сақланади.
Музей филиал сифатида қоладими?
Музей раҳбариятининг ўзи ҳам тарихий бинодан бутунлай воз кечиш тарафдори эмас.
Шаҳноза Назарованинг айтишича, ушбу бинони Адабиёт музейининг филиали сифатида сақлаб қолиш энг мақбул ечим бўлар эди.
Бироқ бу борада ҳали расмий қарор ҳам, расмий мурожаат ҳам мавжуд эмас. Бу масала реконструкция ишларидан кейин кўриб чиқилиши мумкин.
«Бу дискотека эмас»
Музейга ташриф буюрувчилар сони ҳақидаги саволга директор шундай жавоб берди:
«Бу ер ҳар доим интеллектуаллар келадиган жой бўлган. Бу дискотека эмас.»
Шу билан бирга, у Янги Тошкент келажакда мамлакатнинг муҳим маданий марказларидан бирига айланишига ишонишини билдирди.
Бу музей нафақат экспонатлар сақланадиган жой. Бу ерда Ҳамид Сулаймон, Азиз Қаюмов, Наим Каримов каби ўзбек адабиётшунослиги намояндалари меҳнат қилган.
Минтақанинг энг бой адабий архивларидан бири ҳам айнан шу ерда шаклланган.
Метро номи, кўча номи ва музей тарихи бир-бири билан узвий боғланган.
Шу боис жамоатчиликни фақат экспонатлар эмас, балки шу бинода яшаб келаётган тарихнинг ўзи ҳам қизиқтирмоқда. Унинг тақдири эса қоронғулигича қолмоқда.




