“Ипак йўли дурдонаси” Тошкент халқаро кинофестивали — Ўзбекистоннинг маданий нуфузини кўрсатувчи энг йирик брендлардан бири, дея катта минбарлардан мақталган, тарихдаги оламшумул тадбирнинг қайта тикланиши сифатида иддао қилинган эди. Лекин, иккинчи йилдирки у ўтказилмай қолаяпти. Уни молиялаштириш эса тўхтагани йўқ.
Ажабтовур тушунтириш
Ўтган йили тадбир ҳақида бутун дунёга жар солинган ва унинг иштирокчилари йўлга чиққан вақтда фестивал қолдирилиши ҳақида маълум қилинганди. Аниқроғи 2024 йилнинг 3 октябрида, жамоатчилик саволлар қўя бошлагандан кейин 15–19 сентябрь кунлари ўтказилиши белгиланган XVI кинофестиваль кейинга қолдирилгани ҳақида Тошкент халқаро кинофестивали матбуот хизмати маълум қилганди.
Расмий баёнотда 2024 йил Ўзбекистон кўплаб йирик халқаро тадбирларнинг марказига айлангани, хусусан, Футзал бўйича жаҳон чемпионати, турли форум ва конференциялар кинофестиваль кунлари билан туташиб кетгани сабабли унинг муддатлари ўзгаргани айтилган.
“Кинофестивалнинг танлов дастурида иштирок этиш учун 60 дан ортиқ мамлакатдан 400 та фильм келиб тушган бўлса-да, хорижий иштирокчиларнинг сони ортиб борди. Бу эса фестиваль режасига ўзгартиш киритишни тақозо қилди”, — дейилган эълонда.
Бироқ йил якунланди, тадбир на йил бошида, на кейинги ойларда ўтказилди.
Бу йил “айбдор” FIAP
Бу йил эса у ҳақида гап очилмади, лекин бюджетдан яна 10 миллиард ажратилди. Шу кунларда Тошкентда ўтаётган Европа кинолари фестивалининг очилишида иштирок этган Кинематография агентлиги директори Шухрат Ризаевдан Uzdiplomat.uz мухбири изоҳ сўради.
Ризаевнинг сўзларига кўра, фестивалнинг ўтказилмаслигига асосий сабаб — Францияда жойлашган халқаро кинофестиваллар федерацияси (FIAP) томонидан қўйилган техник ва ташкилий талаблардир.
“FIAPнинг рўйхатидан ўтишимиз керак. Улар белгилаган стандартлар бажарилса, Тошкент кинофестивали дунёдаги энг нуфузли 50 та фестиваль қаторидан жой олади. Ҳозир биз айнан шу мақсадда ҳаракат қиляпмиз”, — деди Ризаев.
FIAP рўйхатида 4000 дан ортиқ кинофестиваль орасида атиги 50 таси мавжуд. Тошкент фестивали ҳам ана шу 50 талик рўйхатга кириш учун зарур ҳужжатлар ва инфратузилма талабларини бажариш босқичида экани айтилди.
Бюджет маблағлари нимага сарфланяпти?
Ҳар йили ушбу тадбир учун давлат бюджетидан бир неча миллиард сўм миқдорида маблағ ажратилади. Аммо фестиваль бўлмагани сабабли маблағлар бошқа йўналишларга — “Тирик тарих” лойиҳасига ва хориж билан ҳамкорликдаги киноларга йўналтирилган.
“Ажратилган маблағлар шу йўлдаги ҳаракатларга сарфланади. Президентимиз топшириғига биноан, “Тирик тарих” туркумида хориж билан ҳамкорликда 20 дан ортиқ фильм яратилмоқда. Бу йўналишдаги ишлар учун хорижий продюсер ва режиссёрлар Тошкентга таклиф этилди”, — дея таъкидлади Ризаев.
Uzdiplomat.uz журналисти 7 ноябрь куни Шуҳрат Ризаевдан интервью олганидан 3 кун ўтиб Вазирлар Маҳкамасида йиғилиш бўлган ва айнан кинофестивалга ажратилган пулларни «Марказий Осиё» давлатлари кино кунлари, «Тирик тарих» форуми ва «Олтин Ҳумо» миллий кинотақдимотини ўтказишга йўналтириш ҳақида қарор қабул қилинган.

Бу пулларни сарфлаш ҳақидаги қарор чиқишининг эртаси куни тадбирларнинг биринчиси бошлаб юборилди. Интервью вақтида Ризаев бу мажлис ё форум ҳақида эсламаган ҳам эди.

Савол туғилади: тадбирлар асосий ташкилотчиларнинг ўзларини биноларида бўлса (Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази биноси, Ўзбекистон миллий кино санъати саройи ва «Ренесанс» кино уйида ташкил этилади), иштирокчилар яқин хориждан келса(Бу маблағ Тошкент халқаро кинофестивалининг хорижий меҳмонлариникидан анча кам), экранлар ва саҳнанинг безаклари «Ўзбекнефтгаз» АЖ томонидан бепул ажратилиши белгиланган бўлса, нима учун шунча маблағ сарфлаб юборилади. Қолаверса, «Тирик тарих» форуми учун лойиҳани ўзидаги 70 миллиард сўм етмасмиди?

Нафақат бюджетдан, балки катта корхоналар ҳам пул ажратади. Тирик тарихга эса мутахассисларнинг саволлари кўп
Биз Ризаев изоҳидан сўнг кино бўйича мутаҳассисга мурожаат этдик. Унинг таъкидлашича, дунёда 2000 дан ортиқ кинофестивал бор. Лекин уларнинг ҳаммаси ҳам FIAPдан ўтмайди. У қуидагиларни сўзлаб берар экан, киносаноати жиддий ислоҳотга муҳтожлигини айтиб ўтди.
“Ўтган йили 10 дан ортиқ давлатдан ижодкорлар келиб қайтиб кетган. Уларни ҳамма харажатларини бюджетдан қоплашди. Бошқа давлатларда меҳмонлар ўзлари тўлайди. Бунга нима дейсиз? “Тирик тарих, Тирик тарих” дейишади. Лекин “Тирик тарих” лойиҳасидаги бирорта фильм томошабин эътиборига ҳам, эътирофига ҳам тушмаган. Масалан, биттаси марҳум Ёқуб Аҳмедов ҳақида эди. Ёқуб Аҳмедов вафот этди, лекин “Тирик тарих” доирасида унга бағишланган фильмни халқ кўрмаган.
Ҳозир эса эртага очилади, дейишяпти — Марказий Осиё кино форуми, лекин у 10 миллиард сўмлик тадбир эмас. Бу жуда катта сумма, лекин арзийдиган иш йўқ. Шу билан бирга, унинг ҳисобдорлиги ҳеч кимга берилган эмас.
Давлат томонидан ажратилган пулдан ташқари, республикадаги энг йирик корхоналар — Навоий кон-металлургия комбинати, Олмалиқ кон-металлургия комбинати, яна Бекобод каби корхоналарга ҳам мажбурий улуш солинган. Ана ўша пуллар фестивал “ўтказиш учун” йиғилганди ўтган йили. Аммо фестиваль бўлмади, пуллар эса қайтарилмади.
Ўтган йили 10–20 дан ортиқ давлатдан актёрлар, ижодкорлар келиб кетган. Агар FIAP бу тадбирни расман тан олмаслигини олдиндан билишган бўлса, у ҳолда уларни нега чақиришди? Улар келиши, кетиши учун билетлар, меҳмонхона харажатлари — ҳаммаси Ўзбекистон ҳисобидан қопланган.
Францияда ёки бошқа мамлакатларда бундай тадбирларга қатнашувчилар ўз ҳисобидан боришади. Ўз павильони ёки кинобозоридаги иштирокини ҳам ўз маблағига амалга оширади. Лекин Ўзбекистон, одатдагидек, ҳаммасининг пулини тўлаб, ҳатто ҳожатхонаси рангигача тасдиқлатиб, “азза-базза” қилиб меҳмонларни олиб келган ва кейин уларни орқасига қайтариб юборган.Аммо барча харажатлар, жарималар — тизимнинг бўйнига тушган. Ўтган йил шундай бўлган”.
Киноижодкорнинг фикрича, фестивал учун ажратилган маблағларни бошқа мақсадларга йўналтириш нафақат самарасиз, балки жамоатчилик олдида ҳисобдорликни заифлаштиради. Қолаверса “Тирик тарих” учун шундай ҳам 70 миллиард ажратилган.
“Шаффоф ҳисобот йўқлиги, аниқ саналарнинг белгиланмагани ва икки йил кетма-кет “кейинга қолдириш” амалиёти — бу соҳада тизимли муаммо мавжудлигини кўрсатади”, дейди ўзини танитишимизни истамаган суҳбатдошимиз. “2021 йилдан кейин қайта тикланган бу фестивал 3 йил ўз вақтида бўлди-ку, FIAPнинг техник талаблари икки йилдан бери фестивални тўхтатиб туриш учун етарли баҳона бўла оладими”,- дейди у.
Мутахассис таъкидича, FIAP стандартига мослашиш нияти — шубҳасиз, муҳим. Лекин агар у сабабли миллий фестиваль йиллаб тўхтаб қолса, бу ислоҳот эмас, бошқарувдаги инқироз белгисига айланади
Фестиваль қайта тикланадими?
Кинематография агентлиги раҳбари фестивални 2026 йилда ўтказиш режалаштирилаётганини билдирди. Унинг сўзларига кўра, FIAPнинг талаблари бажарилгандан сўнг, Тошкент фестивали нафақат минтақавий, балки халқаро миқёсдаги нуфузли тадбирга айланади
“FIAP талаби бажарилмади дегани — фестиваль халқаро мақомидан маҳрум бўлади, дегани эмас. Аксинча, бу биз учун юқори босқичга чиқиш имконияти”, — деди Ризаев.
Бу йилча эса унинг пуллари бошқа тадбирларга сарфланади.




