Лекин ҳали 2022 йилги кўрсаткичга етгани йўқ.
Дунёда кузатилаётган иқтисодий инқироз, турли зиддиятларга қарамай ўзбекистонликларнинг мамлакатга жўнатаётган пуллари камайгани йўқ. Марказий банк эълон қилган Жисмоний шахсларнинг валюта операциялари бўйича қисқача шарҳда маълум қилинишича, жорий йилнинг январь-октябрь ойлари давомида Ўзбекистонга келиб тушган пул ўтказмалари 12,6 млрд долларни ташкил қилган. Бу маблағ ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 34 фоизга кўпайган.
Маблағларнинг 78 фоизи Россиядан (9,8 млрд долл) келиб тушган
бўлиб, ўтган йилнинг мазкур даврига нисбатан 35 фоизга ошган. Мазкур
трансфертларнинг қолган қисми Қозоғистон (699 млн долл), АҚШ (470 млн
долл), Жанубий Корея (458 млн долл), Туркия (331 млн долл), Буюк
Британия (109 млн долл) ва бошқа мамлакатлардан ўтказилган.

Марказий банкнинг изоҳлашича, Ўзбекистонга халқаро пул
ўтказмалари ҳажмида кузатилган ўсиш тренди асосан меҳнат
муҳожирларини қабул қилувчи асосий ҳамкор мамлакатларда иқтисодий
фаоллик ва иш ҳақи миқдорининг ошиши ҳамда ривожланган мамлакатларга
меҳнат миграцияси оқими кўламининг кўпайиши билан боғлиқ.
Мисол учун, интернет платформаларидаги маълумотларга кўра,
Россияда меҳнат муҳожирлари фаолият юритадиган асосий соҳаларда
таклиф қилинаётган иш ҳақи миқдори ўртача 38 фоизга ошган.
Жумладан, иш ҳақи миқдори қурилиш соҳасида 55 фоиз, етказиб
беришда 48 фоиз, такси ва ресторан хизматларида 46 фоиз ҳамда
юк ташиш соҳасида 14 фоизгача кўпайган.
Қайд этилишича, жисмоний шахслар томонидан банкларга 13,2 млрд доллар сотилган. Улар сотиб олган валюта миқдори 7,7 млрд долларга етган.
Маълумот учун, Жаҳон банки маълумотларига кўра, Ўзбекистон пул ўтказмалари ҳажми бўйича дунёда 15-ўринда туради. 2022 йилда меҳнат муҳожирлари Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотининг (ЯИМ) 17 фоизини ташкил қилувчи тахминан 13,5 миллиард АҚШ долларини қайтариб юборди.




