Ўн йиллар давомида хорижий банклардан миллиардлаб кредит маблағларини олган ва бир йил ичида уч бора чипта нархларини оширган Ўзбекистон темир йўллари бугун йўловчиларни оддийгина кондиционерли купе билан таъминлаб бера олмаяпти.
Кредитлар қаерга сарфланаяпти. Акционерлик жамияти кредитлар аудитини очиқ тақдим этадими? Муаммо маблағдами ёки коррупцияда?
Аҳолини азоблаётган ягона монопол компания
Ёз чилласи ҳаво иссиқ Тошкентдан Хоразмга ёки водийга йўл олдингиз. Аммо, поездда ҳаво совутгич ишламайди. Бошқа темир йўл хизматини танлай олмайсиз чунки, Ўзбекистонда темир йўл хизматини таклиф этувчи ягона монопол – Ўзбекистон темир йўллари акционерлик жамияти ҳисобланади. Ҳамда мана шу компания йил бошидан буён уч бора чипта нархларини қимматлаштирди.
Аҳоли томонидан “кондиционерли” чипталар сотиб олиниб, оқибатда ҳаво совитиш тизимисиз йўл юришга мажбур бўлганлари норозиликларга сабаб бўлди. Кейинчалик гўёки муаммо ечилгандек,
Рақобат қўмитасининг таклифлари асосида купе типидаги вагонларнинг ҳаво совитиш тизими учун тўлов ундирилмасдан чипта нархидан чегирилган ҳолатда қўлланилиши айтилди. Энди Ўзбекистон темир йўллари чипталар нархидан кондиционер харажатини айириб ташлайди.
Бироқ табиий савол туғилади. Монопол бўлган хизмат кўрсатувчи акционерлик жамияти ёз чилласида йўловчиларга кондиционерсиз хизмат кўрсатиши қанчалик тўғри? Истеъмолчиларда бошқа темир йўл хизматини танлаш имконияти борми? Бу ерда истеъмолчилар ҳуқуқи бузилмаяптими?
Ўзбекистонда Истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш билан шуғулланувчи бир эмас икки ташкилот бор. Бу саволни уларга очиқ қолдирамиз.
Кейинги масала Ўзбекистон темир йўлларига ажратилган миллион долларлик кредитлар қаерга сарфланганида? Тизимга маблағ кўп сарфланган бўлсада, нима учун аҳолига ҳамон сифатли хизмат кўрсатилмаяпти. Ўзбекистон темир йўллари ундаги мавжуд вагонларнинг эскиргани, уруш даврини эслатувчи плацкарт типидаги вагонлар мавжудлигини айтиб саволга кўп бора тутилган. Ўзбекистон темир йўллари эса доим яқин йилларда вагонлар янгисига алмаштирилишини бу эса катта маблағ талаб этилишини айтиб келади.
Муаммо ҳақиқатан маблағдами ёки коррупциядами?
Келинг, вагонлар янгиланишини маблағга тақаётган Ўзбекистон темир йўллари неча бор миллиардлаб кредит олганини кўриб чиқамиз.
2014 йилда Ўзбекистон тикланиш ва тараққиёт жамғармаси “Ўзбекистон темир йўллари” Давлат акциядорлик темирйўл компаниясига 280 млн. АҚШ доллари ҳажмида кредит ажратди. Бу маблағ “Қамчиқ” довони орқали ўтадиган йўл қурилишига сарфланган.
2019 йил Осиё тараққиёт банки Ўзбекистонга 170 миллион долларлик кредит ажратади. Ушбу маблағ ҳисобидан “Ўзбекистон темир йўллари” 16та юк ташувчи ва 8та йўловчи ташувчи электровозлар сотиб олиши айтилган.
2022 йилда «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ Германиянинг «KFV» тараққиёт банкнинг имтиёзли кредит линияси асосида электропоездлар ҳамда йўловчи вагонлари сотиб олиши ҳақида ахборот берилган.
2023 йилда Темир йўл транспорти соҳасини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида президент қарори эълон қилинган. Унда тармоқни тубдан янгилаш темир йўл ташиш хизматлари бозорида рақобатни шакллантириш ҳам назарда тутилган эди.
2023 йил Ўзбекистон темир йўлларига нафақат қарз берилади, балки қарз тўловини узайтириш учун имконият ҳам тақдим этилади. Ўша йилнинг ўзида «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамиятининг Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси кредитлари бўйича асосий қарзини тўлаш муддати фоиз ставкалари ўзгармаган ҳолда беш йилга узайтирилган ҳамда яна янги 150 млн $ кредит ажратилган.
Юқорида санаб ўтилган кредит маблағлари Ўзбекистон темир йўллари ютиб юборган маблағнинг ҳаммаси эмас. Уларнинг аксариятида маблағлар бўйича маълумотлар йўқ. Масалан, қанча кредит тўланиб яна қанча қарз қолгани очиқланмаган. Аммо, бизга аён бўлган маълумот шуки миллиардлаб кредитлар сарфланган Ўзбекистон темир йўллари бугун аҳолига тўлиқ кондиционерли хизмат кўрсата олмаяпти ҳамда кредит сарфларини очиқлай олмаяпти ҳам. Уруш даврини эслатувчи музейлардан ўрин олиши керак бўлган плацкартлар эса ҳамон Ўзбекистон темир йўлларида хизмат қилиб келмоқда.