Гулнора Каримова иши Ўзбекистонда давлат раҳбарлари ва уларнинг қариндошлари томонидан амалга оширилган коррупция ҳамда молиявий жиноятлар оқибатларини бутун жаҳонга яна бир бор кўрсатиб берди, деб ёзади Швецария нашри.
Швецария Бош Прокуратураси хусусий банк Ломбард Одиер ва унинг собиқ ходимини катта миқдорда пул ювишда айблади. Ушбу айблов марҳум Ислом Каримовнинг қизи Гулнора Каримова томонидан ташкил этилган ва жиноят ташкилоти сифатида таснифланган “Офис” фаолияти билан боғлиқ.
Прокуратура маълумотларига кўра, 2005 йилдан 2012 йилгача Ломбард Одиер банки ва унинг ходими Швейцарияда жиноят фаолияти орқали олинган молиявий маблағларни ювишда муҳим роль ўйнаган. Гулнора Каримова 2001 йилдан 2013 йилгача бу тизимли ва иерархик жиноят ташкилотини бошқарганликда айбланмоқда. Ушбу “Офис” ўнлаб одамлар ва тахминан 100 та компаниядан иборат бўлган.
“Офис” қандай ишлаган?
Швецария прокуратурасига кўра, жиноят ташкилоти профессионал компания каби ишлаган: қатъий қоидалар, вазифаларнинг аниқ тақсимоти ва қўрқитиш усуллари қўлланилган.
Каримова ва унинг шериклари 2000-йилларда тез ривожланган Ўзбекистон телекоммуникация соҳасида пора олиш орқали бойлик орттирган. Секторга киришни истаган компаниялар “Офис” компаниялари ёки Каримовага тўлов қилишга мажбур бўлган.
Каримова ўзининг президент қизи ва давлат расмийси мақомини суиистеъмол қилиб, давлат амалдорларига чексиз таъсир кўрсатган. Олинган поралар мураккаб тизим орқали “Офис”нинг, асосан Швецария банкларидаги ҳисобларига ўтказилган.
Собиқ ходимнинг роли
Айбловга кўра, Ломбард Одиер банкининг айбланаётган собиқ ходими жиноят йўли билан олинган пуллар “Офис”га тегишли эканини билган ҳолда уларни Швецария банк ҳисобларига ўтказган. У 2008-йилда банкка ишга киргач, Гулнора Каримова ва “Офис” аъзолари билан фаол алоқаларни давом эттирган. 2008-йилдан 2012-йилгача у тўққизта банк ҳисоби очишда иштирок этган ва уларнинг ҳақиқий эгалари ҳақида нотўғри маълумот берган.
Собиқ ходим бу пулларнинг асл эгаси Гулнора Каримова эканлигини билган ҳолда ички ҳисобот бермаганликда ва жиддий пул ювишда айбланмоқда.
Ломбард Одиер банкининг камчиликлари
Швецария прокуратурасининг фикрига кўра, Ломбард Одиер банки 2008-2012 йиллар оралиғида пул ювишга қарши кураш дастурида кўплаб камчиликларга йўл қўйган. Собиқ ходим томонидан содир этилган жиддий пул ювиш ҳаракатларини аниқлаш ёки олдини олиш учун зарур чоралар кўрилмаган. Шу сабабли банк жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин.
Шу билан бирга, Швецария қонунчилигига кўра, суд якуний ҳукм чиқармагунча барча айбланувчилар айбсиз ҳисобланади.
Ўзбекистон учун сабоқ
Ушбу иш Ўзбекистонда давлат раҳбарлари ва уларнинг қариндошлари томонидан амалга оширилган коррупция ҳамда молиявий жиноятлар оқибатларини яна бир бор кўрсатиб берди. Гулнора Каримова иши халқаро миқёсда Ўзбекистоннинг молиявий тизимидаги очиқлик ва ҳисобдорлик муаммоларини ёритиб бермоқда.




