Европа Иттифоқи вакиллари Ўзбекистонда фуқаролик жамиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида жами 3,5 миллион еврога яқин грант ажратилишини эълон қилди.
Маблағлар Ўзбекистонда 2024–2026 йилларда саккизта лойиҳани амалга оширишга йўналтирилади.
“Фуқаролик жамияти ва ҳукумат ҳамкорлари билан биргаликда биз демократия ва тинч жамият учун зарур бўлган плюрализм ва инклюзивликка ўз ҳиссамизни қўшамиз, – деган Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси Шарлотта Адриан.
Лойиҳаларнинг устувор йўналишлари фуқаролик жамияти, айниқса, хотин-қизлар, ёшлар ва ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларнинг имкониятларини кенгайтириш, тенглик, ишончни ошириш ва бунга муҳтожларга мослашишга ёрдам беришдан иборат.
Маълумот учун, Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқи билан муносабатларига 1992 йил 15 апрелда Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ва Европа ҳамжамиятлари комиссияси ўртасида ўзаро англашув меморандумининг имзоланиши билан асос солинган. 1994 йил 16 ноябрда эса томонлар ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилди.
Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон ўртасида Шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим 1996 йил июнь ойида Флоренцияда давлат раҳбарлари даражасида имзоланган.
Амалдаги Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим 2022 йил 6 июлда имзоланган.