“Shangfeng-Bridge of Friendship” МЧЖ цемент заводи 81,1 млн сўм асоссиз равишда ноқонуний цемент сотиб даромад олган. Бу ҳақида Рақобат қўмитаси хабар берди.
Унга кўра, завод бошқа ишлаб чиқарувчиларга нисбатан инсофсиз рақобат содир этганлиги аниқланган. Жорий йилнинг март-июль ойларида биржа савдолари орқали сотилиши керак бўлган жами 122,7 минг тонна цемент маҳсулоти белгиланган талабларга зид равишда тўғридан-тўғри шартномалар асосида реализация қилинган. Бунда, жами 2,7 минг тонна цемент маҳсулоти ўртача ҳисобланган биржа котировкасидан юқори нархларда реализация қилиниши натижасида 81,1 млн сўм асоссиз равишда даромад олган ва бошқа цемент ишлаб чиқарувчиларга нисбатан инсофсиз рақобатни содир этганлиги очиқланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан ҳудудий бошқарма махсус комиссияси томонидан “Shangfeng-Bridge of Friendship” МЧЖга хусусан рақобатчиларга нисбатан соғлом рақобат қилмаганлиги (демпинг ҳаракатлари) ва биржа савдоларини ўтказиш чоғида рақобатни чеклайдиган ҳаракатлар қилганлиги сабабли белгиланган тартибида 4,9 млрд (тўрт миллиард тўққиз юз миллион) сўм миқдорда молиявий жарима қўллаш бўйича қарор қабул қилинган.
Шунингдек, МЧЖ томонидан юқори ликвидли ва монопол турдаги маҳсулотини шартномаларга асосан реализация қилишда қўшилган қиймат солиғи ва фойда солиғини ҳисоблаш бўйича тўпланган ҳужжатлар солиқ органига юборилган.




