✔️15 минг иш ўрни яратилади
Жиззах вилоятида қурилаётган Ўзбекистоннинг биринчи атом электр станциясида биринчи бетон қуйиш маросими бўлиб ўтди. Бу мамлакат тарихидаги илк атом энергетикаси лойиҳасининг амалда бошланганини англатади. Лойиҳа нафақат энергетика соҳаси, балки Ўзбекистоннинг ташқи сиёсий ва иқтисодий келажаги учун ҳам муҳим аҳамият касб этади.
5 июнь куни президент Шавкат Мирзиёев Россия президенти Владимир Путин билан видеомулоқот орқали Жиззахдаги атом электр станцияси қурилишининг янги босқичини бошлаб берди.
Лойиҳа учун қурилиш лицензияси 4 июнь куни берилган. Бу эса АЭС қурилиши энди расман тўлиқ қурилиш босқичига ўтганини англатади.
Лойиҳа бошидагидан анча катталашди
2024 йилда Россиянинг давлат корпорацияси Росатом билан имзоланган дастлабки шартнома бўйича Жиззахда ҳар бири 55 МВт қувватли олтита кичик модулли реактор (SMR) қурилиши режалаштирилган эди. Бироқ 2025 йилда лойиҳа қайта кўриб чиқилди.
Энди режага кўра, 2 та йирик VVER-1000 реактори;
2 та RITM-200N кичик модулли реактори қурилади.
Натижада умумий қувват аввалги 330 МВт эмас, балки 2100 МВтдан ошади. Бу эса Ўзбекистонни Марказий Осиёдаги энг йирик атом энергетикаси дастурларидан бирига эга давлатга айлантириши мумкин.
Илк экспорт SMR
Лойиҳанинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, бу Россиянинг RITM-200N реакторлари учун дунёдаги биринчи экспорт буюртмаси ҳисобланади.
Маросимда қатнашган Рафаэл Мориано ушбу лойиҳани дунё учун ноёб деб атади ва бошқа давлатлар инвесторлари ҳам унга қизиқиш билдираётганини қайд этди.
15 минг иш ўрни ва атом шаҳарчаси
Путиннинг маълум қилишича, қурилиш давомида тахминан 15 минг киши иш билан таъминланади. Ўзбекистон компаниялари ҳам материал етказиб бериш, монтаж ва транспорт хизматларида иштирок этади.
Росатом эса АЭС атрофида махсус “атом шаҳарчаси” ёки илмий шаҳар қуриш ғоясини илгари сурмоқда. Бу ерда муҳандислар, олимлар ва юқори технологиялар соҳаси мутахассислари фаолият юритиши режалаштирилган.
АЭС мамлакат энергиясининг 14-15 фоизини таъминлайди
Росатом ва Кремль маълумотларига кўра, атом электр станцияси ишга тушгач, Ўзбекистон электр энергияси эҳтиёжининг тахминан 14-15 фоизини қоплаши мумкин.
Бу газ истеъмолини қисқартириш, электр танқислигини юмшатиш ва иқтисодиётнинг ўсиб бораётган эҳтиёжларини қондиришга хизмат қилиши мумкин.




