Коммерсант.ру бу қўнғироққа АҚШ сафаридан кейинги «хабар олишдек» ёндошди.
Россия президенти Владимир Путин ва Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев икки томонлама муносабатларни ривожлантириш ҳамда йирик қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалаларини муҳокама қилдилар. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти ва Кремль матбуот хизматлари бир вақтда хабар тарқатди.
Телефон орқали мулоқот чоғида айниқса энергетика соҳасидаги лойиҳаларга алоҳида эътибор қаратилган.
«Россия–Ўзбекистон стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантиришнинг қатор йўналишлари муҳокама қилинди. Айниқса, энергетика соҳасидаги йирик қўшма лойиҳаларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди», — дейилади Кремль хабарида.
Ўзбекистон раҳбарининг матбуот хизмати товар айирбошлашнинг ўсиш суръатини сақлаб қолиш, иқтисодиётнинг устувор тармоқларида кооперацияни, шу жумладан энергетика соҳасидаги қўшма лойиҳаларни илгари суриш, ҳудудларнинг ишбилармонлик алоқалари ва маданий-гуманитар алмашинувини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилганини ёзди.
3 декабрь куни бўладиган Ўзбекистон-Россия Ҳукуматлараро комиссиясининг навбатдаги йиғилиши ва унинг доирасида қўшма бизнес форумини самарали ўтказиш муҳимлиги таъкидланди, дейилади унда.
Коммерсант.ру телефон орқали суҳбат Президент Мирзиёевнинг Вашингтонга қилган ташрифидан кейин бўлиб ўтганига урғу берди. Хабарда “Марказий Осиё — АҚШ” саммитида Президентнинг иштирок этгани Оқ уйда бўлиб ўтган учрашувда Шавкат Мирзиёев АҚШ президенти Дональд Трампга миннатдорлик изҳор этгани ва “бунгача ҳеч бир Америка президенти Марказий Осиёга бу даражада эътибор қаратмаган”, деганига тўхтанилган.
«Учрашув якунларига кўра Дональд Трамп ҳам “беқиёс” савдо-иқтисодий келишув ҳақида эълон қилди. Унга кўра, уч йил ичида Ўзбекистон қарийб 35 миллиард доллар, кейинги ўн йил ичида эса 100 миллиард доллардан ортиқ инвестицияни АҚШ иқтисодиётининг асосий тармоқларига — фойдали қазилмаларни қазиб чиқариш, автомобиль эҳтиёт қисмлари ишлаб чиқариш ва авиация соҳаларига йўналтиради», деб ёзган Коммерсант.ру.




