Кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилаётганини айтиб келадиган Энергетика вазирлиги ҳудудларда электр таъминотида узилишлар бўлиши ҳақида огоҳлантирмоқда. Қайд этилишича, айрим ҳудудларда, айниқса истеъмол кескин ортиб кетадиган соатларда — 17:00 дан 21:00 гача — электр тармоқларида қисқа муддатли узилишлар кузатилиши мумкин.
Вазирликка кўра, бу каби ҳолатларда электр тармоқларини ҳаддан ташқари юкланишдан ҳимоя қилиш мақсадида вақтинчалик чекловлар қўлланиши эҳтимоли бор. Зарурат туғилган тақдирда, истеъмолчилар олдиндан хабардор қилинади.
Расмий маълумотда таъкидланишича, бундай чоралар электр таъминоти барқарорлиги ва хавфсизлигини таъминлашга қаратилган.
Маълумотга кўра, станцияда газ турбинаси учун янги ротор ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда. Янги ротор газ турбинасига ўрнатилгандан сўнг, станциянинг ишлаб чиқариш қуввати тикланади ва электр таъминотида қўлланилаётган вақтинчалик чораларга эҳтиёж камаяди.
Энергетика вазирлиги юзага келаётган ноқулайликлар учун истеъмолчилардан узр сўраган.
Эслатиб ўтамиз, Энергетика соҳасидаги узоқ муддатли режалар юзасидан қатор расмий баёнотлар берилган:
Энергетика вазирлиги 2024 йил бошида берган маълумотига кўра, 2026 йилга қадар мамлакат энергетика тизимини барқарор ва узлуксиз ишлаш даражасига олиб чиқиш режалаштирилган.
Шунингдек, тармоқ инфратузилмасини янгилаш ва модернизация қилиш бўйича аниқ кўрсаткичлар белгиланган. Расмий ахборотга кўра, босқичма-босқич:
374 километр электр тармоғи, 11 та подстанция ва 62 та трансформаторни янгилаш,
кейинги босқичда эса 788 километр тармоқ, 35 та подстанция ва 145 та трансформаторни модернизация қилиш режалаштирилган.
Президент ҳузурида ўтказилган йиғилишларда “яшил энергия” ва янги генерация қувватларини ишга тушириш бўйича йирик лойиҳалар тақдим этилган. Жумладан, яқинда эълон қилинган маълумотларга кўра, қиймати 11 миллиард долларга тенг бўлган 42 та янги генерация ва инфратузилма объекти ишга туширилиши, шу жумладан, 3 500 мегаватт қувватга эга 16 та қуёш, шамол, иссиқлик ва гидроэлектр станциялари фойдаланишга топширилиши кўзда тутилган.
Энергетика тизимини модернизация қилиш, янги қувватларни ишга тушириш ва электр узатиш тармоқларини янгилаш бўйича ушбу лойиҳалар амалга оширилиши натижасида, расмийларга кўра, яқин йилларда электр таъминоти узлуксизлигини сезиларли даражада ошириш режалаштирилган.




