Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тўқаев Al Jazeera телеканалига интервью берди. У ташқи сиёсат устуворликлари, нотекислик, инсон ҳуқуқлари ва 2029 йилдан кейинги келажак ҳақида сўз юритди.
Тўқаев интервьюни асосий мавзудан — 2022 йилда халққа берилган ваъда ҳали ҳам ўз кучида эканини таъкидлаш билан бошлади. Бироқ у ислоҳотлар йўли кутилганидан анча мураккаб бўлиб чиққанини тан олди. Пандемия ва Украинадаги уруш ўзгаришлар суръатига жиддий таъсир қилган бўлса-да, Қозоғистон адолат ва инклюзивликка асосланган йўлдан боришда давом этмоқда.
«Биз самимий ва прагматик бўлишимиз керак, бироқ шу билан бирга жасоратли ҳам», — деди у «Янги Қозоғистон» концепциясини амалга оширишга изоҳ бериб.
Икки гигант орасида — бироқ ўт остида эмас
Al Jazeera журналисти Қозоғистон ҳали ҳам Хитой, Россия ва Ғарб манфаатлари туташадиган ҳудудда эканини эслатди. Жавоб тариқасида Тўқаев мамлакат ташқи сиёсатда мувозанатни сақлаш ва кўп йўналишли сиёсат юритиш ниятида эканини билдирди:
«Биз ташқи сиёсатимизни қайта кўриб чиқмаяпмиз. Бу — консерватив соҳадир. Бироқ, албатта, жаҳондаги ўзгаришларни ҳисобга оляпмиз».
Қозоғистон Марказий Осиёда барқарорлик таянчи бўлиб қолади ва «Ўрта коридор»ни ривожлантиради. Бу — Хитой ва Европа Иттифоқи мамлакатлари савдо тармоқларини боғловчи, Марказий Осиё, Кавказ ва Туркия орқали ўтадиган глобал транспорт тармоғининг бир қисми. Шу билан бирга, у Россия Қозоғистоннинг стратегик ҳамкори эканини яна бир бор таъкидлади:
«Россия — Қозоғистоннинг стратегик ҳамкори, яқин қўшниси ва иттифоқчиси. Биз дунёдаги энг узун қуруқлик чегарасини бўлишамиз. Ва, албатта, биз Россияга, айниқса КТК (Каспий қувур консорциуми) масаласида, стратегик ҳамкор сифатида таянамиз. Яқинда Президент Путин билан телефон орқали гаплашдим ва биз КТКнинг келажаги — уни қандай фойдаланиш борасида очиқча суҳбатлашдик. Ишончим комилки, КТК келажакда ҳам нефтимизни Россия орқали Европа бозорига ва ундан ташқарига етказишда ишончли восита бўлиб қолади», — деди Тўқаев.
Тўқаев ЯИМнинг ўсиши ҳақида ҳам тўхталиб ўтди: 2019 йилдан буён 55%га ўсиб, 290 миллиард долларга етди. Бироқ у таъкидлашича, агар даромадлар фақат озчилик қўлида жамланган бўлса, бундай ўсиш етарли эмас. Президент тан олди: аҳолининг 1 фоизи мамлакат активларининг деярли 30 фоизини назорат қилади, холоски, аҳолининг ярми атиги 5 фоизга эга.
«Бу — жиддий муаммо эканини тан оламан. Ва мен бу муаммони 2029 йилгача ҳал қилишни хоҳлайман», — деди давлат раҳ
бари.
Қонунчиликка босимга — қатъий раддия
Сиёсий партиялар рўйхатдан ўтиши ва йиғилиш эркинлигидаги чекловлар ҳақидаги танқидларга жавобан Тўқаев қаттиқ турди. У халқаро ташкилотлар босими остида қонунларга ўзгартиш киритиш нияти йўқлигини билдирди:
«ЕХҲТ баҳоларига эътибор бермайман — бу ёмон холис ташкилот», — деди у.
Ҳуқуқ фаоллари тавсияларига муносабати ҳам шундай бўлди:
«Бизда “қонун ва тартиб” тамойили амал қилади. Халқаро ҳуқуқ фаолларининг тавсияларини кўр-кўрона қабул қилмаймиз, айниқса уларни ким молиялаштираётганини ҳисобга олганда. Биз ўз стратегиямизни қуряпмиз».
Матбуот эркинлиги мавзусини ҳам четлаб ўтмади. Унинг таъкидлашича, журналистлар, жумладан танқидий муносабатда бўлганлар билан ҳам мулоқот очиқ қолмоқда.
Реформалар эса давом этади:
«Биз барча журналистларга, уларнинг қарашларидан қатъи назар, тенг муносабатдамиз. Реформалар давом этади. Қозоғистон — ислоҳотлар юрти. Менинг мақсадим — уларни чуқур ва стратегик йўналишда, 5–10 йиллик истиқбол билан амалга ошириш».
Назарбоев ҳақида — ҳис-туйғуларсиз
Собиқ сиёсий тизимнинг демонтажи ҳақидаги саволга Тўқаев вазминлик билан жавоб берди. У сўнгги йилларда собиқ амалдорлардан давлатга миллиардлаб маблағ қайтарилганини тасдиқлади — 2022 йилнинг ўзида 1,2 миллиард доллардан ортиқ.
Бироқ у бетартибликка йўл қўймаслигини урғулади:
«Танқидлар бор, бироқ биз катта ютуқларга эришдик. Президент Назарбоев тарихий шахс ва биз буни тан оламиз. Бироқ талончилик фактлари тергов қилинмоқда. Мен бебошликка йўл қўймайман, мен учун барқарорлик — энг муҳим», — деди у.
Интервю якунида Тўқаев асосий сиёсий ислоҳот — президентлик муддатига чеклов қўйилганини эслатди. Президент — культ эмас, балки халқ томонидан ёлланган бошқарувчи эканини айтди:
«Мен 2029 йилда лавозимни тарк этишимни аллақачон эълон қилганман. Президент — худонинг вакили эмас, балки халқ томонидан тайинланган менеджер. Муддатим етти йил. Бу етарли», — деди Тўқаев.




