Муассаса биринчи маротаба кенг кўламли раҳбарликка номзодлар танловини эълон қилди.
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ўз тизимидаги қатор илмий муассасалар директорлари лавозимига танлов эълон қилди. Эътиборли жиҳати, номзодлар учун белгиланган талаблар орасида 65 ёшгача бўлган фан докторлари бўлиши шартлиги алоҳида кўрсатилган.
Академия матбуот хизматининг маълум қилишича, айни пайтда эълонда кўрсатилган муассасалар раҳбарлари вазифаларини вақтинча бажариб турувчи лавозимига ўтказилган. Улар ҳам танловда иштирок этишади ва яхши натижа кўрсатаётганларининг иш фаолиятини давом эттиришлари истисно эмас.
Танлов Фанлар академияси Уставининг 45-бандига мувофиқ ўтказилади. Унда физика-математика ва техника фанлари, кимё-биология ва тиббиёт фанлари, ижтимоий-гуманитар фанлар йўналишларидаги институтлар, шунингдек, минтақавий ва ҳудудий бўлимлар раҳбарлиги учун номзодлар кўриб чиқилади.
Жумладан, Ядро физикаси институти, Физика-техника институти, Материалшунослик институти, Математика институти, Астрономия институти, Сейсмология институти, Биоорганик кимё институти, Ўсимлик моддалари кимёси институти, Иммунология ва инсон геномикаси институти, Тарих институти, Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти, Шарқшунослик институти, Санъатшунослик институти, Давлат ва ҳуқуқ институти каби ўнлаб муассасалар директорлиги учун танлов эълон қилинган.
Фанлар академияси маълумотига кўра, раҳбарликка номзодлар фанни муҳим илмий натижалар билан бойитган, янги илмий йўналишлар ва мактаблар шакллантириш салоҳиятига эга етакчи ва ташкилотчи олимлар — фан докторлари орасидан кўрсатилади. Бунда номзодларнинг сўнгги 5 йилдаги илмий фаолияти самарадорлиги ва натижадорлиги асосий мезонлардан бири бўлади.

Номзодлар Ўзбекистон фуқароси бўлиши, камида сўнгги 5 йил давомида мамлакатда доимий ишлаган бўлиши, фан доктори илмий даражасига эга бўлиши, илмий жамоатчилик томонидан тан олинган олим сифатида амалий натижаларга эришган бўлиши талаб этилади. Шунингдек, улар фундаментал, амалий ва инновацион лойиҳаларга раҳбарлик қилгани, халқаро илмий ҳамкорликда иштирок этгани ҳам баҳоланади.
Ҳужжатлар 2026 йил 15 июлгача Фанлар академиясининг Илмий кадрлар бўлимига қоғоз ва электрон шаклда қабул қилинади.
Танловда “65 ёшгача” деган талабнинг қўйилиши академия тизимида раҳбарлар авлодини анча янгиланишини англатиши мумкин. Uzdiplomat мухбири ўрганган очиқ маълумотларга кўра, академия тизимига кирувчи мавжуд 39 ташкилотнинг раҳбарларининг камида 10 нафари 65 ёшдан катта олимлардир. Биз боғланган тадқиқотчининг айтишича, катта эҳтимол билан ҳозирги раҳбарлар ўз жойида қолади. «Улар раҳбариятга қулай, ўз ишини «билиб-билиб» бажариб келаётган ижрочилар. Менимча уларни алмаштиришмайди, ёшларга ҳозирча ишонч йўқ. Балки яқин беш йилда ўзгаришлар бўлар, лекин ҳозир тизим катта алмаштиришларга тайёр эмас, менимча», дейди у.




