Хитой ва Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари бўйича ўхшаш позицияга эга, деди Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Юй Цзюнь, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Миллий марказида ташкил этилган “Инсон ҳуқуқлари уйи” нинг очилиш маросимида.
Элчи айрим давлатларни Хитой ҳақида нотўғри маълумот тарқатишда айблади.
- Биз инсон ҳуқуқларини сиёсийлаштириш ва икки томонлама стандартларга, шунингдек, бу масалани бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашиш учун баҳона сифатида ишлатишга кескин қаршимиз. Маълумки, бугунги кунда Шинжонда барча одамлар аҳил-иноқ, бахтиёр ҳаёт кечирмоқда. Минтақа ўзининг афзалликларидан фаол фойдаланмоқда, эркин савдо зоналарини ташкил этишга кўмаклашмоқда ва Хитойнинг Марказий Осиё билан ўзаро ҳамкорлигини кенгайтиришнинг асосий дарвозаси сифатида майдонга тушмоқда ҳамда Хитой ва Ўзбекистон ўртасидаги амалий ҳамкорликни чуқурлаштиришда муҳим роль ўйнашда давом этмоқда.
Сўнгги пайтларда баъзи давлатлар Хитойни Шинжонда, айниқса пахта етиштиришда «мажбурий меҳнат»да айбламоқда. Аслида Шинжонда пахтани машиналар билан териш даражаси 85 фоиздан ошади. Бундай даъволар бемаъни ва асоссиз бўлиб, фақат мажбурий ишсизлик ва қашшоқликка, шунингдек, Шинжонда яшовчиларнинг инсон ҳуқуқларининг бузилишига олиб келади, деди у Шинжон уйғурлари ҳаётига муносабат билдира туриб.
Юй Цзюннинг таъкидлашича, Хитой ва Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари бўйича ўхшаш позицияга эга.
- «Ҳар икки томон ҳам миллий воқеликларга мос равишда инсон ҳуқуқларини ривожлантиришнинг ўзига хос йўлидан қатъий юриб, мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятга фақат ўз халқи баҳо бериш ҳуқуқига эга эканлигини тарғиб қилмоқда. Давлатларимиз БМТ ва бошқа кўп томонлама механизмлар доирасида яқиндан ҳамкорлик қилиб, бир-бирини кучли қўллаб-қувватлаб келмоқда. Мамлакатларимиз бу борадаги тинимсиз саъй-ҳаракатлари ва эришаётган ютуқлари билан инсон ҳуқуқларини глобал бошқаришга салмоқли ҳисса қўшмоқда, дея фикр билдирди элчи.
Аввалроқ, Хитойнинг узоқ ғарбий Шинжон минтақаси АҚШ санкцияларига қарши туриш ва “Бир камар, бир йўл” ташаббуси доирасидаги ўз ролини мустаҳкамлаш мақсадида Покистон ва Марказий Осиё давлатлари билан яқинроқ алоқалар ҳамда трансчегаравий ҳамкорликка интилаётгани маълум қилинганди.
South China Morning Post га кўра, Шинжон-Уйғур мухториятидаги Хитой ва Покистонни боғлайдиган ягона чегара ўтиш жойи Хунжераб порти 1 декабрдан тўлиқ йиллик фаолиятини бошлади. Чегара пункти авваллари ноқулай об-ҳаво туфайли декабрдан мартгача ёпилган.
Маълумот учун, Шинжоннинг бир қанча расмийлари, жумладан Эркин Туниёз ҳам АҚШ санкцияларига киритилган. 2021 йил охирида АҚШ Конгресси мажбурий меҳнат билан ишлаб чиқарилган деб тахмин қилинган Шинжон маҳсулотларини импорт қилишни тақиқловчи Уйғурларнинг мажбурий меҳнатини олдини олиш тўғрисидаги қонунни қабул қилган эди.
Шинжон расмийлари, шунингдек, Канада, Буюк Британия ва Европа Иттифоқи томонидан ҳам санкцияларга учраган.




