Энди ўзбекистонлик талабаларга Британияда ўқиш учун, ажратиладиган грантлар сони 2 бараварга ошади. Шунингдек, Ўзбекистон Давлат жаҳон тиллари университети Британиянинг Portsmouth университети ўқитувчиларини таълим жараёнига жалб этиш бўйича келишувга эришди. Бундан ташқари, Тошкент давлат Иқтисодиёти ҳамда Cambridge университетлари Британияда тадқиқот ўтказиш бўйича битим имзолади. Бу Британия ташқи ишлар вазири Дэвид Кэмероннинг Ўзбекистонга ташрифи чоғида кўриб чиқилган таълим соҳасидаги келишувларда назарда тутилди.
Дэвид Кэмерон билан учрашувда, таълим соҳасида қандай янгиликлар назарда тутилгани ҳақида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги мутахассиси Uzdiplomat.uz мухбирига маълумот берди.
Мутахассис жавобига кўра, Дэвид Кэмероннинг Ўзбекистонга ташрифи чоғида мамлакатдаги Олий таълим соҳасини ривожлантириш бўйича катта келишувларга эришилган.
“Ўзбекистон Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Британиянинг Ўзбекистондаги элчиси жаноб Тимоти Смарт билан бўлиб ўтган учрашувида, элчи жаноблари Ўзбекистон учун ажратилаётган Chevening грантлари сонини 2 бараварга оширганини тасдиқлади”, – дейди мутахассис
Шунингдек, у Ўзбекистон Олий таълимини халқаро стандартларга мослаштиришга Британия орқали осон эришиш мумкинлигини билдирди.
“2030 йилга қадар, Ўзбекистон Олий таълимини ривожлантириш бўйича тасдиқланган концепцияга мувофиқ, Ўзбекистон Олий таълимини халқаролаштириш бўйича мақсад қўйганмиз. Бунга эришишда бизга ёрдам қилаётган давлатлардан бири бу – Буюк Британия”, – дейди Муҳаммадазиз Ҳакимов.
Бундан ташқари, Ўзбекистонлик ўқитувчиларнинг Буюк Британияга бориб тил малакаларини ошириш бўйича келишувлар имзолангани ҳақида гапирди.
“Ўзбекистонлик ўқитувчиларни Буюк Британияга тил эгалари бўлган мутахассисларни мамлакатимизга таклиф қилиш бўйича янги келишувларга эришилди”, – дейди у.
Шунингдек, Ўзбекистон Давлат жаҳон жаҳон тиллари университети Британия инглиз тили ўқитувчиларини таълим жараёнига жалб этиш билан келишувга эришилган.
“Ўзбекистон давлат Жаҳон тиллари университети Буюк Британиянинг Portsmouth университетининг инглиз тили ўқитувчилари билан келишувга эришилди”, – дейди мутахассис.
Икки давлат университетлари ўртасида илмий тадқиқотлар ҳам олиб борилади.