Бу маблағ нималарга сарфланиши мумкин
Европа Инвестиция Банки (ЕИБ) Тошкент шаҳрида Марказий Осиё бўйича минтақавий ваколатхонасини расман очди. Бу нафақат банкнинг минтақадаги иштирокини кучайтиради, балки Ўзбекистон учун миллиардлаб евролик янги инвестиция лойиҳаларига йўл очиши мумкин.
Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида эълон қилинган маълумотларга кўра, ЕИБ Марказий Осиё бўйлаб қарийб 3 миллиард евролик лойиҳа портфелини шакллантирмоқда. Шундан Ўзбекистонга тўғри келиши мумкин бўлган лойиҳалар ҳажми 1 миллиард еврога етиши кутилмоқда.
Батафсил…
ЕИБ Глобал ҳозирда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги билан биргаликда “Ўзбекистон – 2030” стратегиясига мос лойиҳалар устида ишламоқда. Улар орасида Транскаспий транспорт йўлаги, яшил энергетика, сув ресурсларини бошқариш, рақамли инфратузилма, соғлиқни сақлаш ҳамда муҳим хомашё ресурсларини қайта ишлаш каби йўналишлар мавжуд.
Нега айнан Тошкент?
ЕИБ Марказий Осиёда 2009 йилдан бери фаолият юритиб келаётган бўлса-да, минтақавий ваколатхонанинг айнан Тошкентда очилиши Ўзбекистоннинг минтақадаги иқтисодий ва геосиёсий аҳамияти ортиб бораётганидан далолат беради.
Банк вице-президенти Марек Мора Марказий Осиёда сифатли инвестицияларга талаб кескин ошаётганини таъкидлаб, ҳудудда доимий ваколатхонанинг мавжудлиги лойиҳаларни тезроқ амалга ошириш имконини беришини билдирди.
1 миллиард евро қайси лойиҳаларга йўналтирилади?
ЕИБ маълумотларига кўра, Ўзбекистонда кўриб чиқилаётган лойиҳалар қуйидаги соҳаларни қамраб олади:
Транскаспий транспорт коридори ва логистика;
Яшил энергетика ва иқлим лойиҳалари;
Сув хўжалиги ва оқова сувларни тозалаш;
Рақамли алоқа ва интернет инфратузилмаси;
Маҳаллий вакцина ишлаб чиқариш;
Муҳим хомашё ва саноат қиймат занжирлари.
Лойиҳалар давлат кредитлари, давлат-хусусий шериклик (ДХШ), хусусий сектор инвестициялари ва аралаш молиялаштириш механизмлари орқали амалга оширилиши мумкин.
Тошкентдаги йирик сув лойиҳаси
Форум доирасида ЕИБ Глобал ва “Ўзсувтаъминот” АЖ ўртасида Тошкентдаги Сурум оқова сувларни тозалаш иншооти лойиҳаси бўйича ниятлар декларацияси ҳам имзоланди. Режага кўра, кунига 300 минг куб метр оқова сувни қайта ишлаш қувватига эга янги мажмуа қурилиши мумкин. Лойиҳа пойтахтдаги санитария хизматларини яхшилаши ва мавжуд инфратузилмага тушаётган юкламани камайтириши кутилмоқда.
Европа Иттифоқининг Марказий Осиёга янги сигнали
ЕИБ ваколатхонасининг очилиши Европа Иттифоқининг “Global Gateway” стратегияси доирасида Марказий Осиёга бўлган эътибори ортиб бораётганини ҳам кўрсатади. Брюссель Россия ва Хитой билан рақобат кучайиб бораётган бир пайтда минтақада транспорт, энергетика ва рақамли алоқалар бўйича ўз иштирокини кенгайтиришга интилмоқда.




