Қимматбаҳо соат вақтни смартфондан аниқроқ кўрсатмаслиги мумкин. Аммо унинг нархи баъзан квартира, автомобиль ёки давлат хизматчисининг бир неча йиллик даромадига тенг келади.
Rolex, Patek Philippe, Audemars Piguet, Vacheron Constantin, Breguet ва Richard Mille каби брендлар маҳсулотлари оддий аксессуар эмас. Улар нуфуз белгиси, коллекция предмети, совға ёки нисбатан осон сотиладиган кўчма актив бўлиши мумкин.

Шу сабабли сиёсатчилар ва амалдорлар қўлидаги люкс соатлар кўп мамлакатларда журналистик суриштирувларга сабаб бўлади. Бироқ қиммат соатнинг ўзи коррупция далили эмас. Буюмнинг аниқ модели, ҳақиқийлиги, нархи ва кимга тегишли экани тасдиқланмасдан туриб, фотосурат асосида қатъий хулоса чиқариш ҳам нотўғри.
Қудбиевнинг соати: саволлар очиқ қолди
2026 йил апрелида Миллий барқарор урбанизация ва уй-жой бозорини ривожлантириш қўмитаси раиси Шерзод Қудбиев иштирок этган тадбирдан олинган суратлар ижтимоий тармоқларда муҳокама қилинди.
Айрим фойдаланувчилар унинг қўлидаги соатни Vacheron Constantin Overseas, бошқалар эса Breguet Marine Chronographe 5527 моделига ўхшатди. Очиқ манбаларда унинг эҳтимолий қиймати 25–50 минг доллар атрофида баҳоланди.
Бироқ булар фотосуратга асосланган тахминлар эди. Қудбиев соатнинг аниқ бренди, модели ва нархини очиқламади. У давлат хизматчилари камтар бўлиши кераклигини айтди ва соат ўзи учун шахсий аҳамиятга эгалигини таъкидлади.
Аммо буюм харид қилинганми, совға қилинганми ёки мерос бўлиб қолганми — бу саволларга жавоб берилмади.
Масаланинг асосий нуқтаси соатнинг ўзи эмас, унинг келиб чиқиши эди. Агар актив қонуний даромад ҳисобига олинган ёки расман совға қилинган бўлса, бу ҳуқуқбузарликни англатмайди. Лекин амалдорлар мол-мулкининг очиқ декларацияси мавжуд бўлмаган шароитда бундай саволлар жавобсиз қолади.

Ишметовнинг соати: фотосуратга қараб хулоса қилиш хавфи
Шу даврда Марказий банк раиси Тимур Ишметовнинг соати ҳам Patek Philippe Calatrava моделига ўхшатилиб, қиймати қарийб 30 минг доллар экани айтилди.
Марказий банк бу маълумотни рад этди. Расмий изоҳда Ишметов таққан соат Patek Philippe эмас, балки 2021 йилда 300–350 долларга харид қилинган Tissot экани билдирилди.
Бу ҳолат ташқи кўриниши ўхшаш соатлар нархи ўртасида юзлаб баравар фарқ бўлиши мумкинлигини кўрсатди. Демак, фотосуратдан моделни аниқлаш бошланғич нуқта бўлиши мумкин, аммо якуний далил эмас.
50 минг долларлик соат — етти йиллик ўртача маош
2026 йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистонда ўртача ойлик иш ҳақи 6,8 миллион сўм атрофида бўлган.
50 минг долларлик соатнинг қиймати 600 миллион сўмдан ошади. Бу қарийб 88 та ўртача ойлик иш ҳақига, яъни етти йилдан зиёд меҳнат даромадига тенг.
Албатта, йирик тадбиркор ёки юқори даромадли шахсни ўртача маош билан таққослаш тўлиқ манзара бермайди. Аммо давлат хизматчиси ҳақида гап кетганда, қиммат активнинг расмий даромадга мутаносиблиги жамоатчилик учун қонуний саволга айланади.
Қиммат соатни қандай сотиб олишади?

Люкс соатлар расмий дилер, иккиламчи бозор ёки халқаро аукцион орқали харид қилинади.
Rolex’нинг расмий сайтида Тошкентда ваколатли сотувчи мавжудлиги кўрсатилган. Расмий дилердан олинган янги соатга беш йиллик халқаро кафолат берилади.
Бироқ талаб юқори бўлган Rolex Daytona ёки GMT-Master II каби моделларни дўконга кириб дарҳол сотиб олиш ҳар доим ҳам мумкин эмас. Ишлаб чиқариш ҳажми чеклангани учун соатларни мижозларга тақсимлаш тартибини расмий ритейлерлар белгилайди.
Иккиламчи бозорда харидор навбат кутмайди, аммо талаб юқори модел учун расмий нархдан кўпроқ тўлаши мумкин. Бу бозорда қалбаки соат, алмаштирилган деталлар, ҳужжатсиз ёки ўғирланган буюмга дуч келиш хавфи бор.
Шунинг учун қиммат соат харидида чек, инвойс, кафолат карточкаси, серия рақами ва сервис тарихи муҳим ҳисобланади.
Коллекцион соатларда эса унинг аввал кимга тегишли бўлгани ва келиб чиқиш тарихи нархга катта таъсир қилади.
Соатни Ўзбекистонга олиб кириш осонми?
Шахсий эҳтиёж учун товарларни божсиз олиб кириш меъёри транспорт турига қараб фарқ қилади:
– самолёт орқали — 1 000 долларгача;
– темирйўл ёки дарё транспортида — 500 долларгача;
– автомобиль ёки пиёда чегара пункти орқали — 300 долларгача;
– халқаро курьерлик жўнатмаси орқали — 200 долларгача;
– халқаро почта орқали — 100 долларгача.
Қиймат белгиланган меъёрдан юқори бўлса, божхона тўлови талаб қилиниши мумкин.
Қиммат соатни қўлга тақиб олиб кириш уни автоматик равишда аввалдан фойдаланилган шахсий буюмга айлантирмайди. Агар у хорижда янги сотиб олинган бўлса, божхона инвойс, чек ва декларацияни талаб қилиши мумкин.
Аэропортда аниқланган қиммат соатлар
2024 йил июлида Тошкент аэропортида Урумчидан келган йўловчининг юкидан декларация қилинмаган Rolex соати топилган. Унинг божхона қиймати 237,3 миллион сўм деб баҳоланган.
Ўша йил августда Дубайдан келган йўловчида «Patek Philippe Geneve» ёзуви бўлган соат аниқланган. Унинг дастлабки қиймати 1,54 миллиард сўм деб кўрсатилган.
Буюмда бренд номи бўлиши унинг асллиги тасдиқланганини англатмайди. Аммо божхона учун асосий масала унинг декларация қилинмагани ва юқори қийматга эга экани бўлган.
Ўзбекистонга бир йилда қанча қимматбаҳо бренд соатлари кириб келади?
Божхона қўмитаси матбуот котиби Ҳусан Тангриев Uzdiplomat сўровига жавобан Ўзбекистонга олиб кирилаётган қиммат ва арзон соатлар алоҳида ҳисобланмаслигини маълум қилди.
«Божхонада уларнинг барчаси товар сифатида қаралади. Қимматбаҳо ва арзон товарларнинг алоҳида статистикаси мавжуд эмас», — деди у.
Расмий маълумотга кўра, 2026 йилнинг дастлабки беш ойида Ўзбекистонга қарийб 110 минг дона қўл ва чўнтак соати импорт қилинган.
Бироқ бу рақамдан қанча Rolex, Patek Philippe ёки Richard Mille олиб кирилганини билиб бўлмайди. Оддий электрон соат ҳам, ўн минглаб доллар турадиган механик соат ҳам битта товар гуруҳида ҳисобга олинади.
Статистикада соатларнинг умумий қиймати, брендлари, нарх сегментлари ва импорт қилувчилар таркиби кўрсатилмаган.
Қиммат соатларни яширин олиб киришга уринишлар тез-тез кузатиладими?
Ҳусан Тангриевнинг маълум қилишича, «Тошкент-Аэро» ихтисослаштирилган божхона комплекси ходимлари 2025 йилда 32 та ҳолатда қимматбаҳо соатларни божхона назоратидан яшириб олиб киришга уринишларни аниқлаган.
2026 йилнинг ўтган даврида эса шундай 14 та ҳолат қайд этилган.
Бу 32 ёки 14 та соат дегани эмас. Гап ҳуқуқбузарлик ҳолатлари ҳақида кетмоқда ва битта ҳолатда бир нечта соат бўлиши мумкин.
Маълумотлар фақат «Тошкент-Аэро» комплексига тегишли. Бошқа чегара постлари, халқаро почта ва курьерлик жўнатмалари орқали аниқланган ҳолатлар бу рақамларга киритилгани маълум эмас.
Шу сабабли уларни Ўзбекистондаги қиммат соатлар контрабандасининг тўлиқ кўрсаткичи деб бўлмайди. Бироқ бундай товарларни декларация қилмасдан олиб киришга уринишлар мунтазам аниқланаётгани кўринади.
Қиммат соат инвестициями?
Ҳар бир люкс соат қимматлашади, деган фикр тўғри эмас.
2025 йилда Швейцария соатсозлик маҳсулотлари экспорти 25,6 миллиард швейцария франкини ташкил этган. Аммо айрим моделлар қийматини сақласа, бошқалари хариддан кейин арзонлашади.
Нархга бренд, модель, тираж, корпус материали, техник ҳолат, ҳужжатлар ва бозордаги талаб таъсир қилади.
Пандемия йилларида айрим Rolex, Patek Philippe ва Audemars Piguet моделлари кескин қимматлашди. Кейин иккиламчи бозорда нархлар пасайди. Шунинг учун соатни кафолатланган инвестиция деб бўлмайди.
Нега декларация тизими муҳим?
2021 йилги президент фармони билан давлат хизматчилари даромад ва мол-мулкини декларация қилиш тизимини жорий этиш вазифаси белгиланган эди.
«Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги қонунда ҳам давлат хизматчисининг мол-мулкини декларация қилиши назарда тутилган. Аммо бу тизим ҳали тўлиқ ишга тушмаган.
Натижада жамоатчилик юқори лавозимли мансабдорнинг қиммат соати, автомобили ёки бошқа активи расмий даромадга мос келадими, очиқ маълумотлар асосида текшира олмайди.
Тўлиқ декларация тизимида қимматбаҳо соатлар, заргарлик буюмлари, совғалар ва мерос каби кўчма активлар ҳам маълум қийматдан бошлаб кўрсатилиши керак.
Соатнинг ўзи эмас, унинг манбаси муҳим
Қиммат соат тақиш қонунбузарлик эмас. Тадбиркор, коллекционер ёки юқори даромадли шахс ўз маблағига истаган соатини харид қилиши мумкин. Бироқ давлат амалдорига берилган қиммат совға ёки расмий даромадига номутаносиб актив манфаатлар тўқнашувига оид саволларни келтириб чиқаради. Хуллас масала бойликнинг манбаси, давлат хизматчилари декларацияси, совғаларни ҳисобга олиш ва божхона статистикасининг очиқлигида. Бу масалалар ечилмас экан, фотолардаги соатларни таҳмин қилишдан нарига ўта олинмайди.




