Мамлакат қишлоқ хўжалиги масъуллари бунда тадбиркорларни ўзини айбламоқда. Тадбиркорлар эса уларни судга бермоқчи.
Январ ойининг ўрталарида қозоғистонлик тадбиркорлар йирик партиядаги картошкани Ўзбекистонга экспорт қилган эди, бироқ юк чегарада 10 кунга ушлаб қолинди. Бу вақт давомида фитосанитария текшируви ўтказилди. Аммо натижада картошка музлаб, кейин эриб, чириб кетди. Бу ҳақда Қозоғистон Қишлоқ хўжалиги вазирлигига таяниб, Orda.kz хабар бермоқда.
Маълумотларга кўра, тадбиркорлар 2,7 минг тонна картошка учун фитосанитария сертификатини Қозоғистоннинг учинчи давлатларга транспорт орқали картошка экспорт қилиш тақиқланишидан олдин олган.
Тengrinews. маълумотига кўра, Сариоғоч станциясидаги 43 та вагонга юкланган картошкани январь ойида маҳаллий тадбиркорлар Ўзбекистонга сотган ва юк поезди орқали жўнатган. Қозоғистон божхонаси уни фитосанитар текширувдан ўтказиш учун тўхтатган. Оқибатда сабзавот вагонларда 10 кундан ортиқ ётган ва музлаб, бузилиб кетган.
«Мана, чириди. Сув аллақачон оқмоқда, ҳаммаси оқмоқда! Аввал музлаб қолди, кейин эриди, тамом. Битта вагонда 68 тонна бор. Лекин у аллақачон яроқсиз!» деди тадбиркор Азамат Серикбоев.
Тадбиркорларнинг айтишича, бу картошка энди ҳатто қорамолга ҳам ярамайди. Улар ҳужжатлар январ ойи ўрталарида, картошка экспортига тақиқ жорий этилгунга қадар тўлдирилганини айтишган. Шу сабабли, ишбилармонлар юкни узоқ вақт ушлаб туриш учун ҳеч қандай сабаб кўрмаяпти.
Қозоғистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги эса сабзавот ортилган вагонлар зарур кўрикдан ўтганини ва Ўзбекистонга йўл олиши учун ҳеч қандай тўсиқ йўқлигини таъкидлади.
Бироқ, тадбиркорлар энди бунчалик кечиккан рухсатномага муҳтож эмаслигини айтмоқда. Зарар кўрган бешта компания вакиллари мансабдор шахсларни судга бериш ниятида эканлигини маълум қилган.
Нега юк чегарада ушлаб турилди?
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги иддаосича, Сариоғоч чегара пунктида юк ташувчиларга нисбатан бир қатор қонунбузарликлар аниқланган. Хусусан, ҳужжатларга кўра, картошка экспорт нархи 40–50 тенгеден (тахминан 1300–1600 сўм) этиб кўрсатилган. Бу эса бозор нархидан анча паст экани боис, юкни тўлиқ текшириб чиқиш учун 10 кунга ушлаб туришга қарор қилинган.
Текширув якунланганидан сўнг, 43 та вагон Ўзбекистонга жўнатилган.
Тадбиркорларга маҳсулотни сотиш имконияти берилган.
Вазирлик вакилларига кўра, текширув давомида тадбиркорлар картошкани Қозоғистон ичида бозор нархида сотиш имконига эга бўлган. Шунингдек, 10 нафар юк эгасининг ҳеч бири давлат идораларига маҳсулот ҳолати бўйича шикоят қилмаган.
Эслатиб ўтамиз, 18 январь 2025 йилдан бошлаб Қозоғистон барча турдаги транспорт воситалари орқали картошка экспорт қилишни олти ойга тақиқлади. Бу тақиқ фақат Евроосиё иқтисодий иттифоқига (ЕОИИ) аъзо давлатларга тааллуқли эмас.




